Охирги янгиликлар

Нархлар нега турлича? Иқтисодиёт

Паст Дарғом тумани марказида миллий ва хориждан келтирилган маиший техникалар савдоси билан шуғулланадиган дўконлар анчагина. Бироқ ушбу дўконларда маҳсулот нархлари турлича.

– 2000 қувватли чангюткичнинг нархи қанча?
Сотувчи калькуляторни олиб, ҳисоб-китобини қилади-да, жавоб беради:
– Кредитга бир миллион сўм, пластик карточкага 850 минг сўм, нақд пулга олсангиз 750 минг сўм.
– Пластик картамдан тўлайман, 750 минг сўмга берақолинг?
– Ака, тўғри келмайди. Бизга фойда қолмайди.
Сотувчи ва харидор ўртасидаги бундай суҳбат сир бўлмай қолди. Маблағидан келиб чиқиб, маҳсулотни кредитга олган қулайроқ, албатта. Лекин банк комиссион тўлови ҳамда кредит фоизлари ва сотувчи қўйган устама нархлар билан қимматроққа тушади. 
"Паст Дарғом деҳқон бозори"даги дўконларда ҳам вазият шундай. Озиқ-овқат дўкони эшиги ёнида ўтирган йигитга бир литр ўсимлик ёғидан беришини сўрадим ва пластик картамни узатдим. У эса бу ерда терминал йўқ, ичкарида бор, деди. Битта дўконда ташқарида бошқа-ю ичкарида бошқа нарх белгилангани ҳам пластик картага қимматроқ сотиш мақсадида экан, деган хулосага келдим. Бундай ҳолатга бозордаги озиқ-овқат дўконларининг ҳар иккисида дуч келиш мумкин. 
Эътибор қаратсак, бозорда нарх-наво турлича. Тўғри, рақобат, харидорни жалб қилиш деган гаплар ҳам бор. Лекин нақд пул ҳамда пластик карточка билан ҳисоб-китобларда фарқ бўлмаслиги керак эмасми? Масалан, бозорга кираверишда, нон расталарининг охирида товуқ тухумининг донасини 500 сўмдан истаганча олишингиз мумкин. Лекин дўкон ичида пластик картага 600-650 сўм.  Фақатгина тухум эмас, гўшт, картошка каби маҳсулотлар харидида ҳам шундай ҳолат. 
Бундай ҳолатларга чек қўйиш вақти келмадимикан?
Отабек ЭРГАШЕВ.