Охирги янгиликлар

Мош, нўхат, ловия неча сўм? Картошкангиз қаерники? Бозордаги бу саволларга мутахассисларнинг жавоби борми? Иқтисодиёт

Жорий йилда вилоятимиз деқонлари ғалладан бўшаган қарийб 102 минг 400 гектар майдонга такрорий экин экишди. Жумладан, 34 минг 450 гектар ерда полиз-сабзавот, 40 минг гектарда дуккакли, 19 минг 300 гектар ерда озуқа, 980 гектарда кунгабоқар ва 6 минг 695 гектарда картошка парваришланмоқда. 
Ҳисоб-китобларга кўра, вилоят бўйича такрорий экиндан қарийб 320 минг тонна ҳосил олинади. Деҳқон-фермерларимиз етиштирган маҳсулотларини сотиш учун талабгор қидиришларига ҳожат йўқ. Чунки уларнинг маҳсулотига вилоятимизда фаолият олиб бораётган 90 дан ортиқ қайта ишловчи ва экспортёр корхоналар маҳсулотнинг 63 минг тоннадан ортиғини харид қилиш борасида анча аввал керакли шартнома имзолашган бўлса, корхона-ташкилотлар, савдо мажмуалари ҳам такрорий экин ҳосилига харидор бўлмоқда. Қолаверса, такрорий экин ҳосили аввало, аҳолининг ички истеъмоли, Тошкент шаҳри ва вилоятимизда ўтадиган ярмаркаларга чиқарилади ҳамда хорижий давлатларга экспортга йўналтирилади. 
Бу фикрлар такрорий экин экиш пайтидаги келишувлар эди. Кузнинг ҳозирги ҳосил пишган кунларида деҳқонлар маҳсулотини уларга сотишяптими? Қайси корхона қанча нархда маҳсулот харид қиляпти? 

– Биз экин экилаётган вақтда фермер хўжаликлари билан маҳсулот хариди борасида шартнома тузганмиз, – дейди "BULUNGUR-SANDVIK" масъулияти чекланган жамияти директори Носир Юсупов. – Маҳсулотнинг нархига келадиган бўлсак, бугунги бозор нархида ловиянинг бир килограмини 7 минг, мошни 6 минг, нўхат ва майизни 9 минг сўмдан харид қиляпмиз. Бошқа маҳсулотлар ҳам фермер хўжаликлари билан тузилган шартномага асосан ҳозирги нархларда харид қилиняпти. Биз ҳам бу маҳсулотларни қайта ишлаш ва экспорт қилиш борасида ташқи бозорлар билан ҳамкорлик қиляпмиз.
Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган II Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси доирасида Жанубий Африка давлатининг "Сentermax" корхонаси билан 7 миллион 640 минг долларлик 5370 тонна узум, майиз, дуккакли ва қуритилган маҳсулотлар етказиб беришга келишиб олдик. Ўтган 9 ойда 7 миллион 700 минг долларлик 7500 тонна маҳсулотни дунёнинг 40 дан ортиқ давлатига экспорт қилдик. 

Мавриди келганда шуни ҳам айтиб ўтсак. Пойтахтимизда ўтган II Халқаро мева-сабзавот ярмаркасида вилоятимиздаги тадбиркор фермерлар томонидан тузилган шартномаларнинг 60 фоизи дуккакли экинлар ҳиссасига тўғри келади. 
Хўш, фермерлар етиштирган маҳсулотини шартнома орқали қайта ишловчи корхоналарга сотяпти. Томорқачиларнинг маҳсулотини ким харид қиляпти, бозорда сотилаётган маҳсулотлар қаерга кетяпти? Шу саволларга жавоб излаб, Самарқанд шаҳридаги бозорларда дуккакли ва бошқа маҳсулотлар нархи билан қизиқдик. 

"Сиёб деҳқон бозори"да мош 4-5 минг сўм, нўхат 10 минг сўмгача баҳоланяпти. Билишимизча, бу маҳсулотларнинг улгуржи харидори вилоятимиздаги тайёрлов корхоналари бўлиб, аҳолининг ички истеъмоли ва қайта ишлашга йўналтирилади. Кўпинча хориждан буюртма бўлганда тайёрлов корхонасининг маҳсулотини экспортёр корхона харид қилади. 
Энди масаланинг яна бир томонига эътибор қаратсак. Яқинда "Ўзбекозиқовқатхолдинг" холдинг компанияси юртимизда етиштирилган мошни сифатига қараб 3-4 минг сўмдан харид қилишини эълон қилди. Президентимизнинг 2016 йил 12 апрелдаги қарорига кўра, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари келишувга асосан, олдиндан 40 фоиз миқдорида бўнак пуллари берган ҳолда бозор нархида харид қилиниши белгилаб қўйилган. Агар холдинг компанияси фермер хўжаликлардан етиштирилган мошни 3-4 минг сўмдан харид қилса, ғайриқонуний ва етиштирувчи манфаатига зид иш тутган бўлмайдими? Афсуски, бу саволга "Ўзбекозиқовқатхолдинг" холдинг компанияси ва "Ўзагроэкспорт" ихтисослаштирилган ташқи савдо компаниялари ва уларнинг вилоят вакиллигидан ҳам жавоб топилмади. 

Аҳоли истеъмол маҳсулотлари орасида картошкага иккинчи нон, дея таъриф берилади. Бу бежиз эмас. Чунки кунлик истеъмол қиладиган маҳсулотларимиз орасида картошканинг миқдори энг кўпни ташкил қилади. Жорий йилда вилоятимизда аҳоли томорқаларини ҳисобга олмаганда фермерларимиз қарийб 6 700 гектар майдонга такрорий экин сифатида картошка экишди. Аммо шу кунларда бозорларимизда хориждан келтирилаётган картошкани ҳам учратяпмиз. 

– Биз Тошкентдаги базалардан олиб келяпмиз, – дейди "Буюк ипак йўли" бозоридаги улгуржи савдо билан шуғулланувчи Ботир Эгамбердиев. – Давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик доирасида маҳсулот алмашиняпти. Поездда келтирилган маҳсулотлар базалар орқали вилоятларга тарқатиляпти. Кунига бозорга 10-15 машина картошка келади ва вилоятимиз туманлари ҳамда Самарқанд шаҳридаги бошқа бозорларга олиб кетилади. 
Кузатувимиз давомида маҳаллий навдаги картошка ва хориждан келтирилаётган маҳсулотларнинг нархи деярли бир хил – 2100-2800 сўмгача. Аммо нега шунча масофадан турли харажатлар эвазига келтирилган ва маҳаллий деҳқонлар етиштирган маҳсулотнинг нархи бир хил? 
– Аслида ўзимизнинг маҳсулотимиз ички бозорда анча арзон нархда сотилади, – дейди сотувчилардан бири. – Фақат савдо ходимлари бозор шароитидан келиб чиқиб, ҳар икки маҳсулотга бир хил нарх белгилашади. Бу савдо ҳажми ва маҳсулотга бўлган талабдан келиб чиқиб белгиланади.
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.