Охирги янгиликлар

Қишга захира бошланди Иқтисодиёт

Ургут туманида қиш-баҳор мавсуми учун асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини захирага жамғариш бўйича комплекс чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. 
Унга кўра тумандаги ижтимоий соҳа объектлари учун 3136 тоннадан ортиқ муҳим турдаги қишлоқ хўжалик маҳсулотлари жамғарилмоқда. 
– Қишки захира яратиш бўйича туман ҳокимлигининг чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилиб, ишчи гуруҳи шакллантирилди, – дейди туман иқтисодиaёт ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш бўлими бошлиғи Хуршид Хушвақтов. – Маҳсулот турлари ҳар бир корхона-ташкилот, фермер хўжаликлари ва агрофирмалар, савдо корхоналари ва бозорлар кесимида тақсимланди. Ўз навбатида, жамғарилган маҳсулотни сифатли сақлаш ҳам муҳим ҳисобланади. Бунинг учун тумандаги 2720 тонна сиғимга эга омборхона ва музлаткичлар мавсумга шай ҳолга келтирилди. Жорий мавсумдан бошлаб тумандаги 10 тадбиркорлик субъектида 4 минг тонна сиғимга эга музлаткичлар ҳам фаолият бошлади. Бундан ташқари, 4 та тадбиркорлик субъектида сиғими 2300 тонна бўлган 4 та музхонада қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Қувонарлиси, туманимизда эҳтиёжга етарли даражадаги омборхона ва музхоналарнинг борлиги деҳқончилик маҳсулотларини сифатли сақлаш имконини беради. Ҳозирда қишки захира учун барча ҳозирлик кўрилиб, тиббиёт бирлашмаси ва мактабгача таълим муассасалари асосий турдаги маҳсулотларни харид қилиш учун 23 фермер хўжалиги билан шартномалар тузилди.

Ҳозирда қиш-баҳор мавсумида маҳаллий бюджетдан молиялаштириладиган ижтимоий соҳа муассасаларининг эҳтиёжлари ҳисобланиб, тайёрловчи ва етказиб берувчи корхоналар, фермер хўжаликлари билан шартномалар имзоланмоқда. 
 – Эҳтиёжга керакли 26,5 тонна маҳсулотнинг асосий турлари – картошка, сабзи, пиёз хариди борасида "Учқун" фермер хўжалиги билан шартнома тузиб, маблағнинг 15 фоизини тўлаб бердик, – дейди туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи ўринбосари Жавлон Шодиев. – Хоразм вилоятидан гуруч етказиб бериш борасида "Амин Баҳодир", "Сприн Голд", "Тожмаҳал" масъулияти чекланган жамиятлари билан шартнома имзоладик. "Gulsanam ulgurji savdo" масъулияти чекланган жамиятидан 1,4 тонна мош, ловия ва нўхат олишга келишдик. 
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.