Охирги янгиликлар

Сара уруғ мўл ҳосил гарови Иқтисодиёт

Тажрибали ғаллакорлар юқори ҳосилга эришиш учун ўз вақтида ерга уруғ қадаш ва уни қиш бошлангунча тўлиқ ундириб олиш лозимлигини яхши билишади. Вилоятимиз ғаллакорлари бу йил 105 минг 730 гектар суғориладиган ва 49 минг гектар лалми майдонларда ғалла экиш ишларини жадал олиб бормоқда. 
Бунинг учун 120 та сеялка ва 509 та дон экиш мосламаларидан фойдаланилмоқда. 
– Fалладан юқори ҳосил олишнинг биринчи шарти сара уруғлик, – дейди вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бош мутахассиси Акбар Норқўзиев. – Уруғнинг тоза, сифатли, тўқ мағиз ва юқори навли бўлиши катта хирмоннинг асосидир. Шунинг учун ғаллакор фермерларимизнинг аксарияти "Краснодар-99", "Таня","Гром", "Яксарт", "Туркистон", "Андижон-2", "Жасмина", "Юка" каби синовдан ўтган, ер ва иқлим шароитимизга мос серҳосил навларни экмоқда. 

Ургут туманининг 1076 ғаллакор фермер хўжалиги 7790 гектар майдонда ғалла экишни режалаштирган. 
– Фермерларимиз асосан синалган уруғлар билан бирга "Юка" ва "Звезда" номли янги навларни ҳам синовдан ўтказишяпти, – дейди туман қишлоқ ва сув хўжалиги ғаллачилик бўлими бошлиғи Усмон Йўлдошев. – Чунки ўтган йили фермерларимиз "Юка" навини экиб, гектаридан 90 центнергача ҳосил олди. "Звезда" нави эса туманимизда биринчи бор синовдан ўтказиляпти. Экиш ишларига туманда 42 та ҳайдов трактори, 21 та сеялка, шунча отряд, 35 та экиш мосламаси жалб қилинди. Ҳозиргача экилган ғалла майдонларининг 2 минг гектардан кўпроғи суғорилди, 1,5 минг гектарида тўлиқ майса униб чиқди. 

Хўжаликларда ҳам ғаллани тезроқ экиш, суғориш ишларини меъёрида ўтказиш учун тажрибали сувчилар жалб этилган. Чунки экиш вақтида доннинг ерга мослашиши кўп жиҳатдан суғоришнинг тўғри ўтказилишига боғлиқ. 
– Ўтган йили 12 гектар майдонга ғалланинг "Гром" навини экиб, гектаридан 60 центнердан ҳосил олгандик, – дейди "Раъно Файзуллаевна даласи" фермер хўжалиги бошлиғи Санжар Давронов. – Жорий йилда эса 12 гектар очиқ майдонга биринчи марта синов тариқасида "Звезда" навли уруғлик ғалла экяпмиз. Бунинг учун соҳа мутахассислари билан маслаҳатлашиб, тупроқ шароити, экиш технологияси ва ишлов бериш, суғориш меъёрларини ўргандик. 

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ, 
Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).