Охирги янгиликлар

Пахтакорга мададкормиз Иқтисодиёт

Пайариқ туманининг уюшмаган аҳолисидан иборат минглаб ҳашарчилар йиғим-теримда пахтакорларга яқиндан ёрдам бермоқда. Бу савоб ишда нуронийлар ҳам четда қолмаяпти.
Улар пахтакорлар ҳузурига бориб, учрашувлар, маданий-маърифий тадбирлар ўтказишмоқда. Бу эса кунлик терим суръатига ижобий таъсир кўрсатаётир.
– Ҳа, деган туяга мадад-да, – дейди Хўжаобод маҳалласида яшовчи Умархон Ҳамидов. – Мен каби ўнлаб отахону онахонлар ғанимат кунларда уйда ўтиришни лозим топмай, ҳар куни туманимиздаги ўнлаб фермер хўжалиги далаларига боришяпти. Бугун "Салимов Сардор" фермер хўжалиги даласидамиз. Хўжалик аъзолари 19 гектар пахта майдонидан 32 центнерлик ҳосил кўтаришибди. Аммо далада ҳосил бор. Шунинг учун маҳалламиздан 20 нафар аҳолини бу ерга бошлаб келдик. Биргаликда баҳоли қудрат теримда иштирок этяпмиз.

Турғун ҲАСАНОВ.

Манфаатдорлик ва рағбат
иш унумини оширмоқда
Бу йил ҳудудимиздаги 44 фермер хўжалиги 698 гектар ерда ғўза парваришлади. Fалвир сувдан кўтарилган шу кунларда давлатга 1820 тонна юқори навли "оқ олтин" етказиб бериб, туманда биринчи бўлиб шартномавий режани бажардик.

Гап режани уддалашда эмас, балки қилинган меҳнат-у, харажатни икки-уч ҳисса қоплаш, даромадни ошириш ва, аввало, хўжаликни, шу билан бирга, икки юз нафардан зиёд ишчиларимиз манфаатдорлигини оширишда, қишлоқларимиз инфратузилмасини яхшилашда. Шукр, биз бунга эришяпмиз. Дастлабки хомчўтларимизга кўра, пахтачиликнинг ўзидан 1 миллиард сўмдан зиёд соф фойда олишни кўзлаб турибмиз.
Ҳудудимиздаги "Бозоржой машъали", "Пахтакор", "Янгиҳаёт Оқдарё", "Мунаввар бунёдкор" фермер хўжаликлари бир теримдаёқ шартномавий режани бажарди. Терим ишларини асло сусайтирмаяпмиз. Бу борада Янгиқўрғон маҳалласининг 150 дан зиёд уюшмаган аҳолисидан иборат теримчилар бизга кўмакчи. Далалардан яна 120 тонна пахта териб оламиз.
Нормурод МУҲАММАДИЕВ,
Оқдарё туманидаги "Янгиқўрғон" муқобил МТП раиси.