Охирги янгиликлар

Илғорлар мукофотланди Иқтисодиёт

Шу кунларда қалби қайноқ ҳар бир юртдошимиз пахта ҳосилини йиғиштириш ва хирмонга ўз ҳиссасини қўшиш учун отланган. Даланинг ўзида ҳашарчилар учун яратилган шароит ва терилган бир килограмм  пахта учун 700 сўмдан ҳақ тўланаётганлиги уларга қўшимча рағбат бағишламоқда. 
Давлатга пахта сотиш шартнома режасини ортиғи билан бажарган муқобил машина трактор парки раисларига вилоятимиздаги пахта тозалаш заводларининг айланма маблағлари ҳисобидан телевизор, фермер хўжалик бошлиқларига 1 миллион сўмдан пул мукофоти ва илғор теримчиларга совғалар улашилмоқда. 
Ҳозиргача режани бажарган муқобил машина трактор парки раисларига 14 та телевизор, фермерларга 14 миллион сўм пул мукофоти  ва илғор теримчиларга 100 дан ортиқ совғалар тарқатилди. 
Шокир ҚИРЖИГИТОВ, 
"Самарқандпахтасаноат ҳудудий филиали"
масъулияти чекланган
жамияти бўлим бошлиғи.

Дорбозлар ҳам далада
Вилоят ва туман ҳокимликлари ташаббуси билан далаларда пахта йиғим-теримида қатнашаётган ҳашарчиларнинг маданий ҳордиқ чиқаришлари учун турли тадбирлар, учрашувлар, концерт дастурлари ташкил этилмоқда. 
Каттақўрғон туманида теримда қатнашаётган Қўшработ тумани фидойи ёшлар отряди аъзолари ҳузурида дорбозлар томошалари намойиш этилди. 
Шунингдек, Иштихон тумани фидойи ёшлари отрядига Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти талабалари томонидан "Қувноқлар ва зукколар" дастури, вилоят мусиқали драма театри жамоаси эса машҳур пьесалардан парчалар намойиш этишди. 

– Бундай тадбирлар ҳар бир тумандаги ҳашарчилар учун ўтказиляпти, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши етакчи мутахассиси Элёр Улуғмуродов. – Дам олиш кунлари Пайариқ туманидаги фидойи ёшлар отряди аъзолари даврасида Тошкент давлат иқтисодиёт университети профессорлари Азамат Мухторов, Бекдавлат Алиев, Ўзбекистон ва Тожикистонда хизмат кўрсатган артист Асатулло Атауллаев, қизиқчи Ортиқ Султонов ва вилоят мусиқали драма театри актёри Фазлиддин Болиқуловлар иштирокида маданий дастурлар ўтказилди. 

Бундан ташқари, тўртинчи ўн кунлик натижаларига кўра, теримда фаоллик кўрсатган Нарпай тумани фидойи ёшлар отряди аъзоси Акмал Ортиқов, Каттақўрғон туманидан Гулмира Шокирова, Паст Дарғом туманидан Муҳайё Мусаева Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши томонидан тақдим этилган микротўлқинли печга сазовор бўлди. Шунингдек, бошқа илғор теримчиларга ҳам уяли алоқа телефони, радио, дазмол ва бошқа  эсдалик совғалари топширилди. 
Мақсуд САТТОРОВ,
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят
кенгаши бўлим бошлиғи.


80 килограмчи теримчилар
Учинчи теримда бунча пахта териш осон эмас. Аммо Нарпай туманидаги "Худоёр ҳосилот" фермер хўжалиги теримчилари Мафтуна Жабборова, Ҳалима Қувондиқова, Юлдуз Исоқовани ҳақли равишда шундай аташ мумкин.
Айни кунда уларнинг ҳар бири кунига 75-80 килограмдан пахта териб, фермер хўжалиги хирмонига муносиб ҳисса қўшмоқда. Шу боис хўжалик аъзолари етиштирган 35 гектар майдондаги пахтанинг шартнома режаси 115 фоизга бажарилди. Муҳими, пахтани хўжалик аъзолари териб олишди. Масалан, Ҳалима Қувондиқова айни кунгача 5 тоннадан ошириб пахта терди.
– Ҳар куни терилган пахта учун ҳақ тўлаб туришгандан кейин кишининг ғайрати келади-да, – дейди Ҳалима опа. – Ишонасизми, биринчи теримда ҳар куни 150-160 килограмгача пахта тердим. Қирқ кунда 2 миллион сўм даромад  қилдим. 

Опанинг гапларида заррача муболаға йўқ. Ана шундай ғайрати ва шижоати билан барчага ўрнак бўлгани туман ҳокимлигининг ҳам эътиборидан четда қолмади. Туман ҳокими Б.Жабборов шу пайтгача 2 миллион сўмлик пахта терган Ҳалима опага 2 миллион сўмлик рангли телевизор туҳфа этди.
Туманда теримчиларни ҳар куни даланинг ўзида нақд пул билан таъминлаш мақсадида пахта етиштирувчи тўртта фермер хўжалигига бир нафардан банк ходими масъул қилиб белгиланган. "Агробанк" ва "Микрокредитбанк"нинг Оқтош филиаллари томонидан 60 та "Дамас"да махсус сайёр касса ташкил этилиб, улар айни кунгача теримчиларга салкам 14 миллиард сўм пул тарқатди.
Акрам БЎРИЕВ.