Охирги янгиликлар

"O'zLiDeP – муҳокамага чорлайди" онлайн мулоқот ўз самарасини бермоқда Иқтисодиёт

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ташаббуси билан Facebook ижтимоий тармоғидаги "O'zLiDeP – муҳокамага чорлайди" номли гуруҳда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, маҳаллий кенгашлар депутатларининг онлайн мулоқоти йўлга қўйилган. 
Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи раҳбари Отабек Ахтамов иштирокида ўтган аҳоли ва сайловчилар билан онлайн мулоқотда 20 га яқин фуқароларнинг турли масалалардаги мурожаатлари келиб тушганди. 
Жумладан, Каттақўрғон тумани Пайшанба шаҳарчасида туман марказидаги 16-сонли давлат дорихонаси ва туман почтаси оралиғидаги йўллар таъмирталаб бўлиб қолганлиги, Нуробод тумани Омонбой қишлоғига умуман асфальт йўл бормаганлигини ҳамда аҳоли ичимлик суви билан таъминланмаганлиги, Булунғур тумани Хатча қишлоғидаги 66-умумий ўрта таълим мактаби ҳозирда таъмирталаб эканлиги ва бошқа шу каби муаммолар онлайн тарзда қабул қилинган.

Депутат томонидан мазкур масалалар юзасидан мутасадди ташкилот раҳбарларига юборилган депутатлик сўровларига келган жавоб хатлари билан танишар эканмиз, муаммоларнинг барчаси ижобий ҳал этилганлигини кўришимиз мумкин. 
Бундан кўриниб турибдики, "O'zLiDeP – муҳокамага чорлайди" гуруҳидаги депутат ва сайловчилар ўртасида йўлга қўйилган онлайн мулоқот муаммоларни янада чуқурроқ ўрганиш, уларни ҳал этиш ва партия ғояларини кенг тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Нодир ТЎРАЕВ.