Охирги янгиликлар

Дебитор қарздорлик 335 миллиард сўмга камайди Иқтисодиёт

Мажбурий ижро бюросининг асосий вазифалари фойдаланилган энергия ресурслари учун қарздорликни кескин камайтириш, электр энергияси ва табиий газ тармоқларига ноқонуний уланишларнинг олдини олиш, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминлашдан иборат. 

Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси ташкил этилгандан буён ўтган уч ой мобайнида вилоятимизда 196,1 миллиард сўмлик электр энергияси истеъмол қилинган бўлса, олдинги қарзлар билан 235,3 миллиард сўм ундирилди. Истеъмол қилинган 55,9 миллиард сўмлик табиий газ учун эса 75 миллиард сўм ундирилишига эришилди. Натижада электр энергияси ва табиий газдан дебитор қарздорлик сезиларли камайди.
Истеъмолчиларнинг мавжуд қарзларини бартараф этиш бўйича 401 минг 545 та талабнома юборилиб, тўловларни ўз вақтида амалга оширмаган 12 ярим мингдан ортиқ истеъмолчи тармоқдан узилди. 2452 нафар қарздор қарзларини тўлаганлиги учун тармоққа қайта уланди, 13 мингдан зиёд қарздорларнинг банк ҳисоб рақамларига 23 миллиард сўмлик инкасса топшириқномалари қўйилди.

Бу даврда энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш бўйича 1668 та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланиб, 41 та жиноят ишлари қўзғатилган. Ҳуқуқбузарлар томонидан 299 миллион сўмлик моддий зарар ихтиёрий равишда тўлаб берилган. 
Шу билан бирга, истеъмолчилар коммунал тўловларни тўлашда фирибгарларга алданиб қолмаслиги юзасидан мунтазам огоҳлантирилмоқда. Бироқ айримлар ишонувчанлиги сабабли фирибгарлар тузоғига тушиб қолмоқда. Хусусан, Самарқанд тумани электр таъминоти корхонаси электромонтёри Ж.Шокиров ҳеч қандай ваколати бўлмаса-да, фуқаро А.Ҳамидовнинг ишончига кириб, электр энергиядан мавжуд бўлган қарздорлигини йўқ қилишни ваъда қилиб, бир миллион сўм пулни алдов йўли билан олган. Ҳозирда Ж.Шокировга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси ходимлари томонидан Самарқанд ҳудудий ҳамда "Қорадарё" электр тармоқлари корхоналари мансабдор шахслари ўзаро тил бириктириб, жиноят содир этганликлари аниқланди. Хусусан, жорий йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, қарийб 400 та юридик шахсларга аслида истеъмол қилинмаган 3 миллиард сўм ҳамда аҳолига 21,5 миллиард сўм электр энергияси истеъмол қилинганлиги тўғрисида сохта ҳисоботлар тузиб, "Ўзбекэнерго" давлат акциядорлик жамиятига тақдим қилишган. Натижада умидсиз қарздорлик деб ҳисобдан чиқаришга эришиб, давлат манфаатларига жиддий зарар етказилган. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов-суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда. 
Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида мажбурий ижро бюроси туман ва шаҳар бўлимлари биносида банк касса шохобчалари ташкил қилинди. Ҳудудларга бириктирилган давлат инспекторларининг барчаси тўлов терминаллари билан таъминланди.
Бундан ташқари, аҳолидан тўловларни қабул қилиш учун тижорат банкларининг 153 та сайёр кассалари маҳаллаларга чиқмоқда. 
Дилшод АРИПОВ, 
мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси бўлим инспектори.