Охирги янгиликлар

Пахта далаларида Иқтисодиёт

Мелик Мўминов, Ҳаким Каримов, Қурилиш Ҳожиев, Озод ўуломов ўз вақтида жаҳон спорти ареналарида ўзбек ўғлонларининг нималарга қодир эканини амалда исботлаган. Бугун, вилоятда пахта йиғим-терими авж олган паллада улар каби номдор спортчи фахрийлардан иборат бир гуруҳ оқсоқоллар пайариқлик пахтакорларга кўмак бериш мақсадида белларига этак боғлашди.
– Пахтанинг юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги учун нечоғли аҳамиятга эга эканлигини чуқур ҳис этамиз, – дейди спорт фахрийлари вилоят кенгаши раиси Ҳамроқул Рофиев. – Шунинг учун ҳосилни ёғин-сочинли кунларга қолдирмай териб олишда ўз ҳиссамизни қўшиш ҳамда бу ташаббусимиз билан ёшларга ўрнак бўлайлик, деб далага отландик.
Фахрийларнинг ҳар бири 25-30 килограмдан пахта териб, хирмонга ўз ҳиссаларини қўшишмоқда. 
Олимжон СОБИРОВ.
***
Пахтачи туманидаги "Чавандоз" фермер хўжалиги деҳқонлари 24 гектар майдонда пахта етиштириб, 35 центнердан ошириб ҳосил кўтаришди. 
– Ишлаган, ғўза билан тиллашган асло кам бўлмас экан, – дейди хўжалик етакчиси Камолиддин Тўхтаев. – Пахта меҳнатга яраша даромад бераркан. Мана, ҳозирги хомчўтимизга қараганда бу йил пахтанинг ўзидан 37 миллион сўмдан зиёд соф фойда олишни кўзлаб турибмиз. Бундан ташқари, пахтанинг асосий қисмини хўжалигимиз аъзолари кучи билан териб олдик. Бу ҳам бизга анчагина даромад келтирди. 
Иззатулла НОРҚУВВАТОВ.
***
Вилоят истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари ҳудудий бирлашмаси Пайариқ туманининг Томайрот маҳалласи ҳудудида фермер хўжаликларига пахтани йиғиб-териб олишда кўмаклашаётган булунғурлик ҳашарчилар ҳамда Нарпай туманидаги Янгиариқ маҳалласининг уюшмаган аҳолисидан иборат отряд илғорларига совғалар тарқатди.
– Пахтани илиқ кунларда териб олишда биз ҳам ўз ҳиссамизни қўшиш учун далага отландик, – дейди бирлашма раиси Инобат Ҳасанова. – Фермерлар ва теримчилар билан учрашиб, бугунги тинч, осойишта кунлар, юртимизда кечаётган сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ўзгаришлар ҳақида қизғин суҳбат қурдик, фикрлашдик. 
– Терим мавсумини сифатли ўтказишда илғор теримчиларни рағбатлантириб бориш жорий этилгани ўз самарасини бермоқда, – дейди Нарпай туманидаги Янгиариқ маҳалласи раиси Турғун Тўраев. – Маҳалламизнинг 165 нафар уюшмаган аҳолиси билан Алишер Навоий номли муқобил машина трактор парки ҳудудидаги фермер хўжаликларига кўмаклашиб келяпмиз. Бугун вилоят истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари ҳудудий бирлашмаси совғаларини олиб, хурсанд бўлдик.
Шаҳноза ПАРМАНОВА.
***
Республикамиз жамоатчилиги, хусусан, вилоятимиз ижодкор ва зиёлиларининг пахта-йиғим теримида "Зарбдор 30 кунлик" эълон қилиш тўғрисидаги ташаббусини қўллаб-қувватлаб, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилоти вилоят кенгаши ходимлари ҳам пахтакорларга кўмак бермоқда.
– Элимиз ризқи бўлган пахтанинг бир мисқоли увол бўлиши кечирилмас ҳол, – дейди "Ватанпарвар" ташкилоти вилоят кенгаши раиси Исомиддин Рўзиев. – Буни чуқур англаган 45 нафар ходимимиз Паст Дарғом тумани далаларида фермерларга елкадош бўлмоқда. Шу пайтгача туман хирмонига қўшган ҳиссамиз 60 тоннадан ошди.
Яқинда тумандаги "Йўлдош Абдураим Тожихон" фермер хўжалигида пахта тераётган ташкилот ходимлари ҳамда Чархин шаҳарчасидаги уюшмаган аҳолидан таркиб топган терим отряди ҳашарчилари учун Самарқанд ҳарбий гарнизони оркестр жамоаси маданий дастур ташкил этди. 
Зиёдулла ҲОЖИЕВ.
***
Самарқанд шаҳридаги Ўрта Хўжасоат маҳалласининг уюшмаган аҳолисидан иборат ҳашарчилар Паст Дарғом туманидаги фермер хўжаликларига кўмаклашмоқда. 
– Маҳалламиздаги нуронийлар, уйда ўтирган вақтинча ишсиз фуқаролар ўз хоҳиши билан тумандаги Ал Хоразмий номли муқобил машина трактор парки ҳудудидаги фермер хўжаликлари далаларида ҳосилни йиғиштиришда қатнашяпмиз, – дейди маҳалла фаоли Амина Мусаева. – Ҳозирги кунда тумандаги "Шеробод ТИБ", "Бекобод" фермер хўжаликларида учинчи терим давом этаётганига қарамай, илғор теримчилар кунига 30-40 килограмдан пахта теришмоқда. Терилган пахта учун шу куннинг ўзида терим пулларининг берилаётгани уларга ғайрат бағишламоқда. Маҳалладаги нуроний отахон ва онахонларни кўриб, ёшлар ҳам пахта даласига отланишмоқда. 

Амин ЖАВОДОВ.