Охирги янгиликлар

Фаровонликка хизмат қилади Иқтисодиёт

Вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига асосан жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида 1039,9 миллиард сўмлик 1366 та лойиҳа ҳаётга татбиқ этилиб, 9947 та янги иш ўринлари яратилди. Бунинг учун тижорат банкларининг  530,1 миллиард сўмлик кредитлари ўзлаштирилди. Шунинг ҳисобидан ўтган давр мобайнида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 2016 йилга нисбатан 103,4 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 103,6 фоизга ўсди ёки 9 ойда вилоятда жами 6,4 триллион сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. 

Жами саноат маҳсулотларининг 61,4 фоизи, иш билан банд аҳолининг 84,3 фоизи кичик бизнес ҳиссасига тўғри келмоқда. Бошқача айтганда, биргина саноат йўналишида қиймати 547,1 миллиард сўмлик 179 та лойиҳа ҳаётга татбиқ этилди. 
Масалан, Самарқанд шаҳридаги "Прайм керамика" масъулияти чекланган жамияти томонидан керамик плиталар ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилиб, 125 киши доимий иш ўрнига эга бўлди. "Samarkand England Eco Medical" қўшма корхонасида эса йилига 8 миллион дона таблетка ва капсула ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. 

– Умумий қиймати 4,5 миллион АҚШ доллари бўлган ушбу лойиҳани амалга ошириш учун 1,5 миллион доллар миқдорида корхонанинг ўз маблағи ва ТИФ Миллий банк ҳамда "Трастбанк" вилоят бўлимларининг 3 миллион доллар миқдоридаги кредит маблағлари жалб этилди, – дейди "Samarkand England Eco Medical" қўшма корхонаси молиявий менежери Алишер Баҳодиров. – Бунинг натижасида 45 та янги иш ўрни яратилиб, корхонадаги ишчилар сони 180 нафарга етди. Ишлаб чиқарилган маҳсулот ички бозор билан бирга Озарбайжон, Афғонистон ва Марказий Осиё давлатларига экспортга йўналтирилмоқда. Ушбу лойиҳа негизида маҳаллийлаштириш дастури асосида корхонада тиббиётда қўлланиладиган қўлқоплар ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилди. 

Вилоятимизда интенсив боғларни янада кенгайтириш, улардан олинадиган ҳосилни қайта ишлаш ва экспортга йўналтириш дастурлари юзасидан ҳам инновацион лойиҳалар кенг қўлланилмоқда. Масалан, Самарқанд туманидаги "Оҳалик олтин боғлари" масъулияти чекланган жамиятида боғ қатор ораларига ишлов берувчи махсус техникалар харид қилинмоқда. 

– Европа давлатларидан келган меҳмонларнинг айтишича, уларда интенсив боғлар 10-15 гектаргача бўларкан, – дейди жамият иш бошқарувчиси Одил Хидиров. – Биздаги 600 гектарли яхлит боғимизни кўриб, улар ҳайратланди. Ҳосилдорлигини суриштириб, мевасидан татиб кўргач, ҳамкорлик қилишни таклиф этишди. Шу боис хорижий харидорлар билан манфаатли шартномалар тузиб, маҳсулотни хорижга жўнатяпмиз. Ҳозиргача 1200 тонна олма, 500 тонна гилос, 100 тонна шафтоли ва бошқа турдаги мевалар етказиб бердик. Умуман, ҳосилнинг 70 фоиздан ортиғи хорижга сотилди. 
2017-2018 йилги дастурлар доирасида яна юзга яқин йирик лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган. Ҳозиргача ушбу лойиҳалар доирасида 216 миллиард сўмлик 22 та йирик лойиҳа ҳаётга татбиқ этилиб, 1172 та доимий иш ўрни яратилди. 
Жумладан, Оқдарё туманида "8-март" масъулияти чекланган жамияти, Жомбой туманида "Шарқ саноати" концерни қошида трикотаж маҳсулотлари ва ип-калава ишлаб чиқариш йўлга қўйилган бўлса, "Мароқанд мева-сабзавот" масъулияти чекланган жамиятида мева-сабзавот маҳсулотлари қайта ишланиб, сақланади, қадоқланади. 

Самарқанд шаҳридаги "Самарқанд Евро-Азия Текстиль" масъулияти чекланган жамияти томонидан қиймати 88 миллиард сўмлик тайёр тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси доирасида 1500 та янги иш ўрни ташкил этилмоқда.
Шунингдек, йил якунига қадар трикотаж, газ плиталари ва электр духовкалар, мева-сабзавотни қайта ишлаш, ип-калава, паррандачилик, хусусан, куркачиликни ривожлантириш каби қиймати 1,3 триллион сўмлик, жами 926 та лойиҳани амалга ошириш ва 13 мингта янги иш ўрни ташкил этиш режалаштирилган. 
Адҳам ҲАЙИТОВ, 
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ,
«Зарафшон» мухбирлари.