Охирги янгиликлар

Томорқа – қўшимча даромад манбаи Иқтисодиёт

Самарқанд ва Тойлоқ туманларида шу мавзуда семинар бўлиб ўтди. 
Вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди ҳамда ҳудудлардаги сектор раҳбарлари, туман ҳокимлари ва ўринбосарлари, прокуратура ходимлари иштирокида ташкил этилган тадбирда Президентимизнинг 2017 йил 9 октябрдаги фармони талабларидан келиб чиқиб аҳолининг томорқадан фойдаланиш кўламини ошириш борасида фикрлар билдирилди. 
Семинарда қайд этилганидек, вилоятимиздаги 518 минг хонадонга 86 минг гектар ер майдони томорқа сифатида берилган. Шунинг 56 минг гектарга яқини экин майдони ҳисобланади. Бироқ… 

– Таҳлилий маълумотларга қараганда аҳоли ихтиёридаги экин майдонининг 55,7 минг гектари суғориладиган, балл-бонитети юқори бўлишига қарамасдан, ўтган йили 28,7 минг гектар ёки 51,2 фоиз майдон, жорий йилда эса 31,3 минг гектар ёки 55,9 фоиз майдонга экин экилган, холос, – дейди вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Жалолиддин Мамашев. – Ҳисоб-китобларга кўра, 2016 йилда аҳоли томорқаларида 74,2 минг тонна ҳосил етиштирилиб, 9,2 миллиард сўм, 2017 йилда эса 83,1 минг тонна ҳосил олиниб, 10,4 миллиард сўм даромад қилинган. Агар ҳар бир гектар ердан олинадиган ҳосилни ўртача 32 центнердан  ҳисоблаб, 1 килограмм маҳсулотни арзон баҳода 1250 сўмдан ҳисоблаганда ҳам 2016 йилда 10,9 миллиард сўм, 2017 йилда 9,8 миллиард сўм маблағ турли сабабларга кўра йўқотилган. 
Семинарда шундай ҳолатларнинг олдини олиш, ҳар қарич ердан унумли фойдаланиш ва оилага етарли даромад топиш лозимлиги тўғрисида фикрлар билдирилди.
   Ўз мухбиримиз.