Охирги янгиликлар

Деҳқон бозорлари қиёфаси ўзгаради Иқтисодиёт

Деҳқон бозорларининг меъморий қиёфасини яхшилаш ва замонавий савдо-бозор инфратузилмасини шакллантириш мақсадида 2017 йил 27 мартда Президентимизнинг "2017-2019 йиллар даврида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш дастурини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарори қабул қилинди. 
Ҳужжатга кўра, деҳқон бозорларини реконструкция қилиш мақсадида бозорлар сони ва улар эгаллаб турган майдонлар мақбуллаштирилади. Бозорлар ҳудудида мижозларга сифатли сервис хизмати кўрсатиш мақсадида озиқ-овқат ва истеъмол товарлари билан савдо қилишга мўлжалланган тўрт типдаги гипермаркет, супермаркет ва минимаркетлар қурилади. Уларга туташ майдонларда эса сэндвич-панеллардан кенг фойдаланилган енгил конструкцияли, вақтинчалик йиғма павильонлардан иборат замонавий савдо мажмуалари ва автотураргоҳлар қурилиши белгиланган. 
Бу мақсадлар учун алоҳида дастур ишлаб чиқилди. 

– Жорий йилнинг июль ойидан бошлаб Самарқанд шаҳридаги "Темирйўл деҳқон бозори", шунингдек, Жомбой, Ургут, Каттақўрғон шаҳар ва Булунғур деҳқон бозорлари ҳудудида икки қаватли супермаркет қурилиши бошланди, – дейди вилоят бозорлар ва савдо комплекслари уюшмаси раисининг ўринбосари Зафар Абдураҳмонов. – Ушбу савдо мажмуалари мижозлар эҳтиёжи учун барча қулайликлар мужассамлашган ҳолда фаолият юритиши, ертўласида захирага маҳсулот жамғариш ҳам мўлжалланган. 2020 йил 1 январгача бўлган муддатда вилоятимизнинг барча туман-шаҳарларидаги деҳқон бозорларида замонавий минимаркет, супермаркет ва гипермаркетлар бунёд этиш режалаштирилган. Масалан, "Табиат саховати" (Самарқанд шаҳри), Оқдарё, Жума деҳқон бозорларида бир қаватли минимаркетлар, Мармар, Дамариқ, Пайшанба, Марказий (Каттақўрғон шаҳар), Тасмачи, Деҳқонобод (Нарпай тумани), Челак, Пайариқ, Пахтачи, Мароқанд (Самарқанд тумани), Деҳқонобод (Ургут тумани), Нуробод деҳқон бозорларида бир қаватли замонавий супермаркетлар қурилади. Шунингдек, Тойлоқ, Иштихон, Митан, Қўшработ, Ургут ва Паст Дарғом деҳқон бозорларида икки қаватли супермаркетлар, 2019 йил "Сиёб деҳқон бозори" ҳудудида барча қулайликларга эга уч қаватли гипермаркет қурилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, қарор асосида жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб, деҳқон бозорлари тасарруфида жойлашган автотўхташ жойлари мазкур бозорлар ихтиёрига ўтказилди. Бу эса автотураргоҳлардан тушадиган пул тушумлари ҳисобига бозорлар ва савдо комплексларининг даромадини ошириб, давлат бюджетига тушумлар кўпайишига хизмат қилмоқда. 

Мазкур савдо мажмуалари қурилиши, деҳқон бозорлари ҳудудини ободонлаштириш ва улар атрофида автотураргоҳлар ташкил қилиш Миллий банк маблағлари ҳисобидан амалга оширилмоқда. 
– Қарордан келиб чиқиб, Миллий банк қошида бозорлар реконструкцияси ишларини назорат қилиш учун алоҳида дирекция ташкил қилинди, – дейди Миллий банк вилоят бўлимининг кредитлаш бўлими бош мутахассиси Ўктам Қувондиқов. – Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасидан ошмаган ҳолда 1 йил имтиёзли давр билан 5 йил муддатга кредит маблағлари ажратилади. Лойиҳага кўра, қурилишлар учун 36 миллиард 23 миллион сўм сарфланиши белгиланган. Ҳозиргача банкимизнинг вилоят ва туман бўлимлари томонидан 7 миллиард 900 миллион сўм маблағ ажратилди. Бугунги кунда жойларда қурилаётган супермаркетларнинг ертўла қисми ва биринчи қаватида ишлар тўлиқ якунланди. Қурувчиларнинг маҳорати эвазига жорий йил якунига қадар савдо мажмуаларини фойдаланишга топшириш режалаштирилган. 
Мухтасар айтганда, бу ишларнинг самараси ўлароқ, деҳқон бозорларида аввало, тартиб, тозалик таъминланади, харидорга маҳсулотнинг сифатли тақдим этилишига эришилади.
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ, 
"Зарафшон" мухбири.