Охирги янгиликлар

Томорқа ер эгасини тўйдиради, бозорни тўлдиради Иқтисодиёт

Вилоятимиздаги 3,5 миллион аҳоли ихтиёрида 71 минг 900 гектар экин майдони бор. Маҳаллаларда томорқали хонадонларда ерга бўлган муносабатни оширишга қаратилган тарғибот тадбирлари натижасида аҳоли томорқасидан йилига 2-3 маротаба ҳосил олишни ўзлаштирди. 
Президентимиз ташаббуси билан жорий йилда аҳолининг турмуш шароитини янада яхшилаш ва тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида имтиёзли банк кредитлари ажратилгани алоҳида эътиборга молик. Бунинг натижасида иссиқхона, паррандачилик, чорвачилик каби қўшимча хўжаликлар ташкил этилди. Бу эса кўплаб хонадонларнинг иқтисодий имкониятларини ошириб, одамларда ерга муносабатни тубдан ўзгартирди. Эндиликда аксарият одамлар томорқани шунчаки уйнинг ажралмас ҳудуди деб эмас, балки оиласи фаровонлигини таъминловчи хазина сифатида қарамоқда. Масалан, Булунғур тумани Чангал-1 маҳалласида яшовчи Баҳодир Мубораковнинг 25 сотих томорқаси бор. У нотекис ҳудудда жойлашган томорқасида 100 тупдан ортиқ гилос, бодом, қароли, ўрик, шафтоли, узум, ёнғоқ, олма етиштириб, йилига 2-3 тонна ҳосил олади. Яқинда банкдан 2 миллион 300 минг сўм кредит олиб, 50 бош товуқ харид қилди ва ярим сотихда иссиқхона ташкил этиб, 600 туп лола экди. Бундан 5 миллион сўмгача даромад олишни кўзлаб турибди. Бир сотих ерда ҳовуз қазиб, балиқ ҳам боқяпти. Қорамоллар томорқадан чиққан озуқа билан кўпайиб боряпти. Ариқ, эгатлар четларида 300 туп дарахт экилган. Томорқа даромадидан оиласини тебратиб қолмасдан, институтда ўқийдиган қизининг шартнома пулини ҳам тўлайди. Бундан ташқари, оиладаги тўй-ҳашамнинг барчаси томорқа даромади ҳисобидан ўтади. 

Томорқа ер эгасини тўйдиради, бозорни тўлдиради

Бироқ барча томорқачилар Баҳодир ака сингари ердан унумли фойдаланяпти, дея олмаймиз. 

Президентимизнинг 2017 йил 9 октябрдаги "Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони томорқадан унумли фойдаланиш борасида муҳим ҳужжат бўлди. Чунки шу пайтгача аҳоли томорқасидан фойдаланишни тартибга солувчи ҳуқуқий асос йўқ эди. Маҳаллаларда олиб борилган тушунтириш ишларига қарамасдан, томорқа соҳиблари ўз ер майдонларидан тўлақонли фойдаланмасдан, фуқаролар йиғинларига кўплаб эътирозлар билдириларди. Эндиликда бу каби чекловларга барҳам берилиб, маҳалла вакиллари ҳудуддаги ҳар бир хонадонга кириб бориш ва ердан қай даражада самарали фойдаланаётганлигини назорат қилиш ҳуқуқига эга бўлди. 

Мазкур фармон билан томорқадан оқилона фойдаланаётганлар сафи янада кенгаяди. Чунки фермер ва деҳқон хўжаликлари сингари томорқа эгаларининг экин майдонларидан самарали фойдаланишдаги манфаатдорлиги ва масъулияти оширилади. Бу борада парламент, вакиллик ва жамоатчилик назоратининг таъсирчан тизими яратилади. Аниқроғи, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, маҳаллий халқ депутатлари кенгашлари ҳамда Олий Мажлис палаталари томонидан ердан самарали фойдаланиш устидан доимий назорат ва мониторинг олиб борилади. 
Бундан ташқари, Ўзбекистон фермерлар кенгаши ўрнида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ташкил этилди. Мазкур фармон янги кенгаш фаолияти учун ҳам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади. Шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига экин майдонларидан самарали фойдаланишни таъминлаш вазифаси юклатилди. 

Кейинги йил ҳосилидан бошлаб деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг экин майдонларидан қандай фойдаланаётганлиги маҳаллаларда муҳокама этиб борилади. Ерни ўз ҳолига ташлаб қўйган томорқачига жазо тариқасида ер участкаси олиб қўйилиши чоралари ҳам қўлланилиши мумкин. 
2018 йилнинг 1 октябрига қадар ушбу вазифага масъул ташкилотлар, ҳокимликлар ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда барча деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг экин майдонларини хатловдан ўтказади ҳамда уларнинг ягона реестрини шакллантиради.
Яна бир муҳим жиҳати шуки, деҳқончилик маданиятини оширишда муносиб ҳисса қўшган ва ишлаб чиқаришда юқори натижаларга эришган фермер, деҳқон хўжалиги раҳбари ва томорқачиларга "Илғор фермер", "Меҳнаткаш деҳқон", "Намунали томорқачи" кўкрак нишонлари тақдим этилади. 
Мухтасар айтганда, аҳоли томорқасидан унумли фойдаланиш, биринчидан, ер эгасини тўйдирса, ортгани бозорни тўлдиради. Бу эса, шубҳасиз, томорқа эгаларининг даромади ошишини, дастурхонларимиз тўкин-сочинлигини таъминлайди.
Абдусами ҚЎЗИБОЕВ, 
"Маҳалла" хайрия жамоат фонди вилоят бўлими шўъба мудири.