Охирги янгиликлар

БИР ЙИЛДА УЧ МАРТА ҲОСИЛ Иқтисодиёт

Қишлоқ аҳли ўзларининг янада тўқ ва фаровон яшашларида қўшимча даромад манбаи бўлган томорқа ернинг аҳамиятини чуқур англаб етмоқдалар. Дарҳақиқат, вилоятимиз аҳолисининг етмиш фоизи қишлоқларда истиқомат қилиши ва уларнинг тасарруфида неча минг гектар ер мавжудлигини ҳисобга олсак, озиқ-овқат етиштиришда нақадар катта ресурсга эгалигимиз аён бўлади. 
– Томорқадан оқилона фойдаланилса, бир йилда бемалол уч марта ҳосил олиш мумкин, – дейди Паст Дарғом тумани Қўқони маҳалласида яшовчи Комил Қувондиқов. – Тасарруфимизда 15 сотих ер участкаси бор. Унинг 8 сотихи уй-жой, ёрдамчи бинолар, молхона, мевали дарахт, ток билан банд бўлганида ҳам 7 сотих деҳқончиликка қолади. Тажрибамдан маълум, агар ер оби-тобида ишлов берилиб, маҳаллий ўғитга тўйдирилса, бир сотих ердан ўртача 300 килограмм картошка, 350 килограмм помидор, 250-300 килограмм сабзи олиш мумкин. Эртанги ҳосил йиғиштириб олиниши билан иккинчи экин сифатида бодринг, маккажўхори экса бўлади. Улардан бўшаган ерга учинчи марта кузги сабзи, турп, шолғом экиб, бир тоннадан зиёд ҳосил олиш имконияти мавжуд. Айниқса, кечки карам ҳосилдор келади. Бир сотихдан 650-700 килограмм ҳосил кўтариш, кеч кузда яна ерга тўқсонбости қилиб, пиёз, саримсоқпиёз, укроп, петрушка ва исмалоқ экиш мумкин. Хуллас, бир парча томорқа ердан унумли фойдаланилса, бир йилда ҳатто, тўрт марта экин экиб олса бўлади.

Бунақа қуёшли юрт яна қайда бор? Тер тўкиб, меҳнат қилган кишини ер қуруқ қўймайди. Эндиликда томорқадан фалончи 30-40 миллион сўм даромад олибди, деса ҳеч ким ажабланмай қўйди. Сабаби, кимдир лимон, кимдир иссиқхонада, очиқ майдонда сабзавот етиштириб, буни исботлаяпти. Шу боис бозорларимиз йил – ўн икки ой ноз-неъматлар билан тўла.
– Маҳалламизда 500 хўжалик бор, – дейди Қўқони МФЙ раиси Ҳусниддин Турсунов. – Уларнинг тасарруфида 63 гектар томорқа ер мавжуд. Бу ерлардан оқилона фойдаланиб, Комил Қувондиқовга ўхшаб миллионлаб сўм қўшимча даромад олаётганлар кўп. Мисол учун, Шомурод Ҳайитов иссиқхона қуриб, помидор, бодринг етиштираётган бўлса, Эсонмурод Жалилов, Жамол Холбеков, ўолиб Саимов каби томорқа ер эгалари деҳқончилик, боғдорчилик маҳсулотлари билан ҳам рўзғорларини, ҳам бозорни обод қилишяпти. Олинган даромад эса оила бюджетига мўмайгина қўшимча пул бўлиб қўшиляпти. 

Тўғри, ҳали томорқа ердан фойдаланмай, ўз ҳолига ташлаб қўйган фуқаролар ҳам йўқ эмас. Эндиликда бунга йўл қўйилмайди. Қаровсиз қолдирилган ер эгасини томорқадан маҳрум қилишгача бўлган чоралар кўрилади. Ернинг умрини беҳуда ўтказиш увол. Ахир бизни боқадиган, кийинтирадиган манба ана шу ер-ку! 
Республикамизда фермер-деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари ташкил этилиши бу соҳада янги истиқболлар очди. Айни пайтда вилоят ва туманларда ушбу кенгаш бўлимлари томонидан аҳоли тасарруфидаги томорқа ерлар рўйхатга олиниб, уларга эртапишар, маҳаллий шароитга мос, ҳосилдор мева ва сабзавот, картошка навларини экиш, уруғлик билан таъминлаш, парваришлаш билан боғлиқ тавсиялар ишлаб чиқилмоқда. Маҳаллаларда тарғибот-тушунтириш ишлари олиб бориляпти. Бу чоралар шубҳасиз, томорқа ердан унумли фойдаланиб, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилади.
Тоғаймурод ШОМУРОДОВ.