Охирги янгиликлар

ТАРАҚҚИЁТНИНГ МУҲИМ ОМИЛИ Иқтисодиёт

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 18 апрелдаги "Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасини ташкил этиш тўғрисида"ги Фармони билан хусусийлаштирилган корхоналарнинг ишлаб чиқариш фаолиятини тиклаш ва самарадорлигини оширишни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шу асосда аҳоли даромадларининг барқарор ўсишини таъминлайдиган янги иш ўринларини яратиш, ушбу мақсадларда ваколатли давлат органлари билан мустаҳкам ҳамкорликдаги фаолиятни мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг муҳим вазифаси этиб белгиланди. 

Бу масала Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг раислигида шу йилнинг 27 октябрида давлат мулки негизида хусусий мулкчилик ва тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган давлат сиёсатини янги сифат даражасига кўтариш, хусусийлаштирилган тадбиркорлик субъектларини самарали қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлилига бағишлаб ўтказилган йиғилишда ҳам алоҳида таъкидланди. Йиғилишда хусусийлаштирилган корхоналар эгалари ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланмаётгани, корхоналарнинг узоқ муддатли ривожлантириш билан шуғулланмаётгани, ихтисослаштирилган ишлаб чиқариш қувватларини ташкил қилмаётгани, маҳсулотлар рақобатбардошлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга замонавий технологиялар жорий этилмаётганига эътибор қаратилди. Хусусан, фаолият кўрсатмаётган, паст рентабелли ва зарар кўриб ишлаётган корхоналарни, бўш ётган ва самарасиз фойдаланилаётган объектлар ҳамда ер участкаларини аниқлаш ишлари тизими яратилганлиги қайд этилди.

Шундан келиб чиқиб, ҳудудий бошқармамиз томонидан бу борада муайян ишлар амалга оширилмоқда. Чунончи, вилоятда ташкил этилган идоралараро комиссия томонидан ўтказилган хатловлар жараёнида бўш ишлаб чиқариш майдонлари мавжуд 369 та аввал хусусийлаштирилган корхона ва объектлар аниқланган.
1 ноябрь ҳолатида аввал хусусийлаштирилган объектлар ўрганилиб, уларнинг 222 таси фаолиятини қайта тиклаш ёки улар негизида янги ишлаб чиқариш қувватлари ташкил этиш бўйича лойиҳалар ва йўл харитаси ишлаб чиқилган. 
Бугунги кунда бўш турган ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари мавжуд корхоналарнинг 88 таси негизида амалга оширилиши режалаштирилган 89 та лойиҳа бўйича ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳалари йўлга қўйилган.

Шунингдек, банк кредитлари талаб этиладиган лойиҳаларни молиялаштириш мақсадида 14 та бўш турган объект негизида амалга оширилиши режалаштирилган инвестиция лойиҳалари ташаббускорларига тижорат банклари томонидан жами 7570 миллион сўм ҳамда 745 минг доллар миқдоридаги кредит маблағлари ажратилиши таъминланган.

Вилоятдаги касб-ҳунар коллежларининг биноларида хусусийлаштирилган корхоналар негизида лойиҳаларни амалга ошираётган тадбиркорлар учун ўқув курслари ташкиллаштирилиб, жорий йилнинг 5 июнидан 8 июлига қадар ўқув курсининг 1-босқичи, 17 июлдан 30 сентябрга қадар 2-босқичи ўтказилди.

Ўқув курсларининг навбатдаги босқичи Самарқанд туманидаги Гулобод ижтимоий-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежида ўтказилди.
Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, вилоят ҳокимликлари билан биргаликда муттасил янгиланиб турувчи солиқ, статистика ва кадастр органларининг маълумотлар базаси билан ўзаро электрон алоқани таъминлайдиган тармоқлар, ҳудудлар ва турли хусусийлаштириш шакллари кесимида давлат мулкининг хусусийлаштирилган объектлари бўйича маълумотлар базаси яратилган.
Бугунги кунда вилоятда хатловдан ўтказилган 1552 та аввал хусусийлаштирилган корхона ва объектларнинг ҳудудий реестри шакллантирилиб, маълумотлар базасига тегишли ахборот киритилган.

Бундан ташқари, юқорида таъкидлаб ўтилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан жорий йилнинг 27 октябрь куни Давлат рақобат қўмитасига юклатилган вазифаларнинг амалга оширилиши бўйича кўрилаётган чоралар тўғрисидаги йиғилиш баёни талаблари ижроси юзасидан аввал хусусийлаштирилган фаолият юритмаётган ва кам қувватли корхоналар фаолиятини 2018 йилда тиклаш бўйича манзилли йўл хариталарини ишлаб чиқиш мақсадида ҳудудлардаги хусусийлаштирилган корхона ва объектларни хатловдан ўтказиш ишлари олиб борилмоқда.

Суҳроб МАҲМАРАИМОВ, 
хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни
ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси бўлим бошлиғи.  


Reklama huquqi asosida