Охирги янгиликлар

ИҚТИСОДИЙ СУД – ТАДБИРКОРГА КЎМАКЧИ Иқтисодиёт

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 21 февралдаги "Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонига кўра, жорий йилнинг 1 июнидан янги тузилма – иқтисодий судлар фаолияти йўлга қўйилди. 
Фармонга кўра, Самарқандда ҳам вилоят ва 8 туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судлари ташкил этилди. Айни кунда ушбу иқтисодий судлар тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида самарали фаолият юритмоқда.

Янги ташкил этилган Тойлоқ туманлараро иқтисодий судига шу кунга қадар Тойлоқ, Ургут ва Самарқанд туманлари бўйича 764 та даъво аризалари келиб тушди. Шундан 700 таси иш юритувига қабул қилинди. Кўриб чиқилган 660 та даъво аризаларининг 536 таси сайёр судларда ҳал этилди. 
– Даъво аризаларининг аксарияти корхоналар фаолиятини тугатиш, солиқ қарзини ундириш, молиявий жарималарни қўллаш ва давлат реестридан чиқарилмаган банкротлик ишлари билан боғлиқ, – дейди Тойлоқ туманлараро иқтисодий суди раиси Камолиддин Тўхтаев. – Мурожаатлар қонун доирасида кўриб чиқилиб,тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланмоқда, иқтисодий низолар ҳал этилмоқда. Шунингдек, тадбиркорларга нисбатан қўлланилган молиявий санкциялар ҳужжатларда белгиланган енгиллаштириш ҳолатлари инобатга олиниб, жарима миқдори камайтирилмоқда.
Мисол учун, иқтисодий судга даъвогар Тойлоқ туман давлат солиқ инспекцияси якка тартибдаги тадбиркор Б.Якубовадан Ўзбекистон Республикаси солиқ кодексининг 119-моддасига мувофиқ, назорат касса машинасининг ишлатиш қоидалари бузилганлиги учун энг кам иш ҳақининг ўттиз баравари миқдорида, яъни 4 миллион 493 минг 250 сўм молиявий жарима ундириш ҳақида даъво аризаси киритган. 

Суд солиқ кодекси 112-моддасига мувофиқ, қўлланиладиган молиявий санкция ҳуқуқбузарликнинг оқибатларига номутаносиб бўлган, жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатлар аниқланган тақдирда, шунингдек, ҳуқуқбузарнинг моддий аҳволини инобатга олиб, ушбу кодекснинг 17-бобида назарда тутилган молиявий санкциянинг энг кам даражасидан ҳам камроқ, бироқ белгиланган санкция энг кам миқдорининг 25 фоизидан кам бўлмаган миқдорда, сабаблар ва асосларни кўрсатган ҳолда молиявий санкция қўллашга ҳақли.
Суд томонидан қўлланиладиган молиявий санкция ҳуқуқбузарликнинг оқибатларига номутаносиб эканлиги, жавобгар томонидан ҳуқуқбузарлик биринчи марта содир этилганлиги, жавобгар Б.Якубова интизомли солиқ тўловчилиги енгиллаштирувчи ҳолат деб инобатга олиниб, 4 миллион 493 минг 250 сўм молиявий санкция 1 миллион 347 минг 975 сўмга камайтирилди. 

Жорий йилда судга туманлардаги давлат солиқ инспекцияларидан келиб тушган 42 та даъво аризасидан 36 та иш бўйича ариза талаблари қаноатлантирилиб, тадбиркорлик субъектларига нисбатан 351 миллион 775 минг сўмлик молиявий жарималар қўлланилган.

Fолиб АБДУСАЛОМОВ.


Reklama huquqi asosida