Охирги янгиликлар

ЯНГИ МАРКАЗНИНГ ЭСКИСИДАН ФАРҚИ НИМА? Иқтисодиёт

Президентимиз томонидан жорий йил 19 июнда "Бизнеснинг қонуний манфаатлари давлат томонидан муҳофаза қилиниши ва тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармон қабул қилинди. Ушбу фармон билан жойлардаги ахборот-маслаҳат марказлари ўрнида тадбиркорликка кўмаклашиш марказлари ташкил этилди. Хўш, бу янги тузилманинг аввалгисидан фарқи нима ва у қандай вазифаларни бажармоқда? 
– Фармон қабул қилингунга қадар туманлардаги ахборот-маслаҳат марказлари тадбиркорга маслаҳат бериш ва режали текширувлар хулосасини тўлдириш билан чекланарди, – дейди савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари Собир Бобоқулов. – Янги марказ ваколатларига эса хусусий секторда ўтказилган текширишларда бевосита қатнашиш, хулосаларга норозилик билдириш, суд жараёнининг исталган босқичида қатнашиш, давлат органлари ва хизматларининг айрим функцияларини хусусий секторга бериш таклифларини киритиш ва бошқа  ҳуқуқлар берилган. Палата тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва фаолиятини ривожлантириш билан чекланиб қолмасдан қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар устидан жамоат экспертизасини ҳам ташкил этади. 
Туманларда номигагина фаолият юритаётган марказлар ўрнида тадбиркорнинг ҳақиқий таянчи ва тўғри маслаҳатчиси бўлган марказнинг ташкил этилиши ишбилармон доира вакилларига янада қулайлик яратди. Жумладан, Пайариқ туманида ҳам шундай марказ ташкил этилиб, тадбиркорлар турли масалаларда ўзларига керакли ахборотни олмоқда. 

– Авваллари тадбиркорлар оддий масалада мурожаат этишарди, ҳозир эса мурожаатларнинг аксарияти хориждан технология олиб келиш, маҳсулотни хорижга экспорт қилиш, хорижий кредитларни ўзлаштириш масаласида, – дейди туман тадбиркорликка кўмаклашиш маркази директори Шаҳобиддин Хўжаев. – Мисол тариқасида айтадиган бўлсам, фармонгача бўлган 5 ойда 60 дан ортиқ катта-кичик масалада мурожаат бўлганди. Марказ янгидан ташкил этилгандан сўнг ўтган уч ой ичида тадбиркорларни қийнаётган 70 дан ортиқ масалага ечим топилди. Бундан ташқари, фақат маслаҳат билан чекланиб қолмасдан маҳаллий ва хорижий кўргазмаларга тавсия бериш, лозим бўлганда олиб бориш ҳам режалаштирилган. 
Марказда шунингдек, янгидан фаолият бошлаётган субъектларга таъсис ҳужжатларини тайёрлаш, уларга ҳуқуқларини тушунтириш, маҳаллий ва хорижий бозорда талаб юқори бўлган маҳсулотлар ҳақида маълумотлар бериш, товар учун мувофиқлик сертификати олиш ва бошқа масалаларда ҳам ёрдам кўрсатилмоқда. 

– Мен янгидан фермер хўжалиги ташкил этаётгандим, – дейди тумандаги "Дилшодбек серҳосил пахтазори" фермер хўжалиги бошлиғи Шерзод Очилов. – Марказга таъсис ҳужжатларини тайёрлатиш учун келгандим, бир йўла ишлаб чиқариш технологиялари, халқаро ва маҳаллий ярмаркалар, кўп тармоқли фермер хўжалигига айлантириш ва йўналишлар бўйича ҳам маслаҳат беришди. Ҳудуд имкониятидан келиб чиқиб, интенсив боғ яратиш, экспортга маҳсулот чиқариш, меваларни қадоқлаш, ускуналар олиб келиш, чорвачилик йўналишида сутни қайта ишлаш, совуткич қуриш билан хўжаликни кўп тармоқлига айлантириш борасида тавсиялар беришди. Кейинчалик фаолиятимни чорвачилик йўналишида давом эттириш ниятида эдим. Бу маслаҳатлар менга катта ёрдам беради. 
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ. 


Reklama huquqi asosida