Охирги янгиликлар

ФАЙЗУ БАРАКА – ЗАМИНДА Иқтисодиёт

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 октябрдаги "Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони ва жорий йил 10 октябрда қабул қилинган "Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори ер эгалари – деҳқон, фермер ва томорқа соҳиблари кайфиятини кўтарди. Шу билан бирга, улар зиммасига ердан оқилона фойдаланиш, мўл ризқ ундириш, ҳар қарич  ер қадрини чуқур ҳис қилиш масъулиятини юклади. Хўш, деҳқонлар бу масъулиятни нечоғли тушунди, улар фармон ва қарор ижроси бўйича қандай ишларни амалга оширишга киришди? Биз шу саволларга жавоб излаб Нарпай туманида бўлдик.

ФАЙЗУ БАРАКА – ЗАМИНДА

ҲАМ РАFБАТ, ҲАМ МАСЪУЛИЯТ
– Халқимизнинг ерга бўлган меҳри, эъзози асрлар давомида авлоддан-авлодга ўтиб келаётгани бежиз эмас. Чунки турмушимиз фаровонлиги, бозорларимиз тўкин-сочинлиги бободеҳқонларимизнинг пешона тери, қалб қўри эвазига етиштираётган ноз-неъматларига боғлиқ, – дейди Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши туман бўлими раиси Эркин Дувланов. – Шунинг учун Президентимиз қабул қилган фармон ва қарор қишлоқ хўжалиги ходимлари томонидан катта хурсандчилик билан кутиб олинди. Сабаби, бу ҳужжатлар моҳиятан тақдирини ер билан боғлаган деҳқонларнинг экин майдонларидан оқилона фойдаланиш орқали даромадларини ошириш, соҳа фидойиларининг меҳнатларини рағбатлантиришга қаратилган. Шунингдек, фармон ва қарорга кўра, соҳада уч асосий муҳим ўзгариш бўляпти. Аввало, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг манфаатлари ва қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган янги тузилма ташкил этилди. Унинг ҳуқуқий мақоми, вазифа ва функциялари кучайтирилди.

Эндиликда 2022 йилнинг 1 январидан бошлаб кўп тармоқли фаолиятни йўлга қўймаган фермер хўжаликлари билан ер ижара шартномалари қонун ҳужжатларига мувофиқ бекор қилинади. Демак, бундан буён фермер хўжаликлари ўз фаолиятида туб бурилиш ясашга киришиши талаб этилади.
Айни кунда туманимизда 551 фермер хўжалиги фаолият кўрсатмоқда. Улар тасарруфидаги умумий ер майдони 20 минг 451 гектарни ташкил этади. Фермерларнинг 360 таси пахта-ғалла йўналишида, қолганлари боғдорчилик, узумчилик, сабзавотчилик ҳамда чорва йўналишида фаолият юритмоқда. Улардан "Пахтакор", "Ҳамида Юсупова", "Меҳнат-роҳат" каби 15 фермер хўжалиги кўп тармоқли хўжаликлар, холос. Бундан кўринадики, фермер хўжаликларининг асосий қисми қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш билан чекланиб қоляпти, ушбу маҳсулотларни қайта ишлаш, сақлаш ва тайёрлаш, тайёр маҳсулотларни сотиш ҳамда хизмат кўрсатиш каби фаолиятни ўзида жамлайдиган кўп тармоқли фермер хўжаликлари фаолиятини йўлга қўйиш кўнгилдагидек эмас. Бунга барҳам бериш мақсадида айни кунда тўрт йилга мўлжалланган истиқболли дастурлар тайёрлаш устида ишлаяпмиз.

Сир эмас, қишлоқ хўжалигида фаолият юритишнинг энг қулай, мослашувчан ва самарали шаклларидан бири деҳқон хўжалиги ҳисобланади. Бироқ у кейинги пайтда эътибордан четда қолиб келаётган эди. Яширишнинг ҳожати йўқ: бундай субъектларни ташкил этиш ҳамда рўйхатга олишни пайсалга солиш ҳолатлари ҳам учраб турарди. Шу маънода, Президентимизнинг фармони ва қарори, унда белгилаб берилган вазифалар деҳқонларнинг айни дилидаги гап бўлди. Зеро, деҳқон хўжаликларининг ривожланиши аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш ва даромад олиш манбаи бўлса, қайта ишловчи корхоналар учун хомашё етказиб беришда, давлат учун аграр тармоқнинг барқарор ривожланишида муҳим роль ўйнайди. 

Бугунги кунда туманимизда 602 гектар ер деҳқон хўжалиги соҳибларига ажратилган. Улар асосан, мева-сабзавот, полиз маҳсулотлари, резавор ва кўкатлар етиштириб, ердан йил-ўн икки ой фойдаланишмоқда ва бозорларимиз маъмурчилигини таъминламоқда. Энди "Деҳқон хўжалиги тўғрисида"ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилади, истиқболда туманимизда ҳам деҳқон хўжаликлари сони кўпайиб, ерлардан унумли фойдаланишни таъминлаш баробарида халқимиз турмуш фаровонлиги ошади.

Туманимизда 34 минг 125 хонадон бўлиб, улар ихтиёрида 5 минг 445 гектар суғориладиган ер мавжуд. Қабул қилинган ҳужжатлар томорқа имкониятларидан самарали фойдаланишда ҳам янги истиқболларни очиб берди. Масалан, илгари деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари уруғлик, минерал ўғит, ёнилғи-мойлаш материаллари, техника таъминотида айрим муаммоларга дуч келарди. Эндиликда бу борада ҳеч қандай қийинчилик бўлмайди. Чунки кенгашимиз қошида деҳқонларга комплекс хизмат кўрсатиш маркази фаолият кўрсатади. Экин майдонларидан фойдаланиш самарадорлигининг ҳар ойда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларида муҳокама қилиб борилиши эса ернинг ҳақиқий эгасини топишида муҳим аҳамият касб этади.

Тағин "Илғор фермер", "Меҳнаткаш деҳқон" ва "Намунали томорқачи" кўкрак нишонлари таъсис қилиндики, энди деҳқончилик маданиятини оширишга муносиб ҳисса қўшган ҳамда ишлаб чиқаришда юксак натижаларга эришганлар муносиб рағбатлантирилади. Шуни ҳам айтиш керакки, ер майдонларидан самарасиз фойдаланган, қишлоқ хўжалиги экинларини тўлиқ экмаган, агротехника тадбирларини ўз вақтида амалга оширмаган фермер, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгаларига нисбатан ер участкасига нисбатан бўлган ҳуқуқларини бекор қилишгача таъсир чоралари қўлланиладиган бўлди. Бу эса ердан фойдаланаётган деҳқон масъулиятини оширади.

ФЕРМЕРЛИКНИНГ ИСТИҚБОЛИ КЎП ТАРМОҚЛИЛИКДА

"Меҳнат-роҳат" фермер хўжалиги тумандаги кўп тармоқли хўжаликлардан бири. 94 гектар майдонда деҳқончилик қилаётган хўжалик аъзолари жорий йилда 33 гектар ерда ғалла, 46 гектар майдонда пахта етиштиришди. Шунингдек, хўжалик фермасида 60 бош наслли қорамол боқилмоқда, 15 гектар ерда чорва экинлари етиштирилмоқда.

– 34 йилдан буён қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнат қиляпман, – дейди фермер хўжалиги бошлиғи Зайнаб Ҳайдарова. – 2001 йилдан эса фермер сифатида фаолият юритяпман. Ўтган давр мобайнида бирор мавсумда белгиланган шартнома режаси бажарилмасдан қолгани йўқ. Биргина шу йилни оладиган бўлсак, ғалладан шартномадаги 132 тонна ўрнига 214 тонна, пахтадан шартномада кўрсатилганидан 40 тонна кўп ҳосил олдик. Давлатимиз томонидан чорвачилик тармоғини ривожлантиришга қаратилаётган эътибордан фойдаланиб, 2014 йилда Польшадан 16 бош зотдор қорамол келтиргандик. Айни кунда уларнинг бош сони 60 тага етди. Ҳар ойда соғин сигирлардан 8 тоннадан зиёд сут соғиб олиб, истеъмолчиларга етказиб беряпмиз. Энди бу билан чекланиб қолмоқчи эмасмиз. Келгуси йилда қорамоллар бош сонини кўпайтириб, ўзимиз фаолият юритаётган Манғит маҳалласида сут маҳсулотларини қайта ишлаш корхонасини ташкил этамиз. Айни кунда хўжалигимизда 31 нафар ишчи меҳнат қилмоқда. Фаолиятимизни кенгайтириш ва янги тармоқларни ишга тушириш эвазига яна 12 та янги иш ўринлари ташкил этамиз.

Вилоят Кенгаши депутатиман. Фармон ва қарорда халқ вакиллари бўлган биз, депутатлар олдига ҳам қатор вазифалар қўйилди. Жойларга чиқиб, илғор ва қолоқ фермер, деҳқон ва томорқа эгалари билан очиқ мулоқот юритиб, уларнинг тажрибаларини оммалаштиришимиз, ўйлантираётган масалаларини аниқлаб, ечиш чораларини кўришимиз керак. Чунки эндиликда қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан фойдаланиш самарадорлиги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида муҳокама қилинади, халқ депутатлари маҳаллий кенгашларида кўриб чиқилади. Шундан келиб чиқиб, ўзим сайланган округ ҳудудида туман Кенгаши депутатлари билан биргаликда экин майдонларидан фойдаланишдаги дастлабки назоратни бошлаб юбордик. Келгуси йилда назоратнинг мунтазамлиги тўлиқ таъминланади.

Томорқа – фаровонлик манбаи
Тумандаги Мустақиллик маҳалласи учта қишлоқдан иборат бўлиб, 4 минг 100 нафар аҳоли истиқомат қилади. Мавжуд 720 хонадон ихтиёрида 142 гектар томорқа ери бор.
– Ҳудудимизда томорқадан самарали фойдаланиб, бозорга барака киритаётган, рўзғорини бутлаётган оилалар кўп, – дейди маҳалла раиси Фозил Худоёров. – Масалан, Эргаш Қурбонов, Анвар Сафаров, Fолиб Самадов хонадонларида томорқа қўшимча даромад манбаига айланган. Тўғри, ернинг умрини беҳуда ўтказаётган фуқароларимиз ҳам, оз бўлса-да, бор. Маҳалла фаоллари билан биргаликда уларни огоҳлантиряпмиз, ердан катта даромад кўриб, турмушини обод қилаётган хонадонлар тажрибасини ўрганишга даъват этяпмиз. Бу каби тадбирларимиз эса ўз мевасини бермоқда. Масалан, йил бошида маҳалламизнинг ижтимоий қўллаб-қувватлаш комиссиясига моддий ёрдам сўраб 24 нафар фуқаро мурожаат қилган эди. Эҳтиёжманд оилалар даромадини ошириш, бандлигини таъминлашга қаратилган пухта чора-тадбирлар, оилаларда томорқадан самарали фойдаланиш учун банкдан имтиёзли кредит ажратилиши каби амалий ишлар натижасида жорий йилда ёрдам сўраб мурожаат қилувчилар сони 50 фоиз камайди.
Маҳалладаги Нишованди қишлоғида яшовчи Қурбоновлар хонадонидамиз. Бу ерга келган кишининг баҳри-дили очилади: шинам тураржой, тоза-озода ҳовли, файзли хонадон. Томорқасининг ярмида иссиқхона барпо этилган. Бу ерда айни пайтда тўрт хилдаги кўкат ва исмалоқ, очиқ майдонда эса тўқсонбости усулида саримсоқпиёз етиштириляпти.

– Шу ҳовлида турмуш ўртоғим, ўғлим Бунёд, келиним ва невараларим, жами 11 киши яшаймиз, – дейди хонадон соҳиби Эргаш Қурбонов. – Ўғлим билан иккаламизнинг томорқа майдонимиз 36 сотихни ташкил этади. Бир йилда уч марта ҳосил оламиз. Асосий даромадимиз томорқамиздан. Шунинг ҳисобидан уч ўғлимга алоҳида уй-жой қилиб бердим. Ўтган йилги даромадимиз ҳисобидан "Дамас" русумли автомашина харид қилдик.
***
– Ернинг умри бекор ўтмасин, унинг ҳам уволи бор, – дейди кўпни кўрган нуронийлар. Чунки халқимизда экин майдонларидан унумли фойдаланмаслик энг улуғ неъмат – нон уволига қиёсланади.
Энди ҳар қарич ернинг сўроғи бўлади. Агар у ўз ҳолига ташлаб қўйилса, экинлар тўлиқ экилмаса, деҳқончасига айтганда, замин заволига қолаётганларга нисбатан ер участкаларига бўлган эгалик ҳуқуқининг бекор қилинишигача бўлган қатъий жавобгарлик чоралари қўлланилади. Бундай бўлишини эса ҳеч ким хоҳламайди. Шунинг учун ер қадрига етайлик, ундан ризқ ундирайлик.
Акрам ҲАЙДАРОВ,
«Зарафшон» мухбири.


Reklama huquqi asosida