Охирги янгиликлар

ПАХТА ЎЗИМИЗДА ҚАЙТА ИШЛАНАДИ Иқтисодиёт

Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йилнинг апрель ойида вилоятимизга ташрифи чоғида Челак шаҳри Қумчуқ маҳалласида ип-калава ҳамда тайёр ип-газлама ишлаб чиқариш фабрикаси лойиҳаси тақдимотида иштирок этганди. Юртбошимиз томонидан маъқулланган лойиҳани "Ўзенгилсаноат" лойиҳа институти мутахассислари тайёрлаб беришди. Пайариқ туман ҳокимлиги қурилиш учун юқорида номи тилга олинган манзилда 4,1 гектар ер майдони ажратди. Октябрь ойининг бошларида эса "Некст текстил" масъулияти чекланган жамияти томонидан қурилиш ишлари бошлаб юборилди.
– Мазкур лойиҳа амалга оширилгач, йилига 6,0 минг тонна ип-калава, 1,8 миллион погонметр ип-газлама ишлаб чиқарилади, – дейди бош муҳандис Аҳтам Каримов. – Шу билан бирга, 250 та янги иш ўрни яратилади. Умумий қиймати 26,4 миллион АҚШ доллари бўлган ушбу лойиҳа 40 фоиз ўз маблағимиз, 8,5 миллион доллар "Асака" банк кредити орқали молиялаштирилмоқда. Корхона асбоб-ускуналари Германия, Испания, Япония, Франция каби давлатлардан келтирилади. Корхонани келгуси йилнинг охирида ишга тушириш мўлжалланган.
Вилоятимизда етиштирилган пахта ҳосилини қайта ишлаш, ундан тайёр экспортбоп ип-калава ҳамда кийим-кечак ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш йўлида аниқ ва истиқболли лойиҳалар рўёбга чиқарилмоқда.

– Жорий йил якунига қадар енгил саноат соҳасида қиймати 247,5 миллиард сўмлик 45 та лойиҳа амалга оширилиб, 2815 та янги иш ўрни яратилади, – дейди вилоят ҳокимлиги ҳудудларни комплекс ривожлантириш йиғма бошқармаси саноат бўлими бошлиғи Азамат Туронов. – Натижада трикотаж мато ишлаб чиқариш 4,5 минг тоннага, тайёр трикотаж маҳсулотлари 8,5 миллион донага кўпайиб, 3,0 минг тонна трикотаж матони бўяш қувватлари яратилади. Жумладан, Оқдарё туманида "Шарқ саноат" концернига қарашли "Муштарий Оқдарё" масъулияти чекланган жамияти томонидан йилига 5 миллион дона тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси, Жомбой туманидаги "Гала Осиё нон" жамиятида 10 миллион дона жинси маҳсулоти ва 45 минг тонна трикотаж мато, Самарқанд шаҳридаги "Зарафшон текстил" корхонасида 3,5 минг тонна трикотаж мато ишлаб чиқариш лойиҳалари йил якунига қадар ишга туширилиши мўлжалланган.

2018-2019 йилларда эса енгил саноат соҳасида 47 та лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган. Бу билан пахта толасини қайта ишлаш даражаси 2019 йилда қарийб 90 фоизга, ип-газлама ишлаб чиқариш 17 фоизга, трикотаж мато ишлаб чиқариш 61 фоизга етади.
Адҳам ИСКАНДАРОВ,
Турғун ҲАСАНОВ.


Reklama huquqi asosida