Охирги янгиликлар

ЖАМОАТЧИЛИК МАСЛАҲАТ КЕНГАШИ вилоят божхона хизматида бир йил ичида ўз муҳитига эга бўлди Иқтисодиёт

Бу кенгаш Президентнинг "Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони талаби асосида ўтган йили ноябрь ойида шакллантирилган эди.
Маслаҳат кенгашининг асосий вазифаси тадбиркорлик субъектлари билан божхона органлари ўртасида пайдо бўлиши мумкин бўлган муаммоли масалаларни кўриб чиқиш ҳамда ўз вақтида бартараф этиш, вилоят божхона бошқармаси ходимлари томонидан тадбиркорлик фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ва тўсқинлик қилиш ҳолатларига йўл қўймаслик, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, божхона қонунчилигини такомиллаштиришдан иборат. Унинг таркибига "Сам Антеп Гилам", "Самарқанд чой қадоқлаш фабрикаси", "Самарқанд Пойабзал Класс" қўшма корхоналари ва "Ургут" эркин иқтисодий зонаси дирекцияси давлат унитар корхонаси, вилоят савдо-саноат палатаси раҳбарлари, вилоят Кенгаши депутатлари киритилган.

– Кенгаш аъзолари бизга яхши ёрдам беришяпти, – дейди вилоят божхона бошқармаси бошлиғи Э.Салихов. – Жумладан, ўтган давр ичида улар билан маслаҳатлашган ҳолда қонунчиликка ҳамда меъёрий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан кўплаб таклифлар бердик.
Дарвоқе, кенгашнинг навбатдаги йиғилишида ҳам ташқи иқтисодий фаолиятни либераллаштириш борасидаги ҳужжатлар моҳияти ва уларни амалга ошириш чоралари хусусида гап борди. Йиғилганларга божхона брокерлари ҳамда божхона расмийлаштируви бўйича мутахассислар фаолияти юзасидан тушунтириш берилди. Ташқи иқтисодий фаолият билан мунтазам шуғулланувчи тадбиркорларга бундай ишлар учун ўзларида штат бирликлари очиш таклиф этилди. Бунда энг аввало, корхонанинг ҳар гал декларация учун ва брокер идорасига тўланадиган маблағи тежалади, ҳужжат тўлдириш тез ҳал бўлади.

Тадбиркорларнинг божхона бошқармаси томонидан ёш ишбилармонлар учун брокерлик ва декларация тўлдириш юзасидан ҳар чоракда ўқув семинари ўтказиш зарурлиги тўғрисидаги таклифи ҳам маъқулланди. Шунингдек, божхона қўмитаси, вилоят савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланувчи тадбиркорлар учун имтиёз ва тартиб-қоидалар ҳақида эслатма чиқаришга, шу мавзуда матбуотда доимий рукн очишга келишиб олинди.

Ўз мухбиримиз.


Reklama huquqi asosida