Охирги янгиликлар

САМАРҚАНД ЕРЛАРИДА «ЧАНДЛЕР» ЁНҒОҚЛАРИ ЎСАДИ Иқтисодиёт

Зарафшон тоғ тизмасининг Ургут туманидаги қисми ён бағирлари асрлар давомида эътибордан четда қолиб келаётганди. Сабаби Қоратепа, Зинак, Бойқишлоқ, Хўжайдуқ каби қишлоқлар   ва унга туташ ҳудудларда сув танқислиги боис экин экишнинг иложи йўқ эди. Аҳоли эса у ер-бу ердан қайнаб чиқаётган булоқ сувидан фойдаланарди, холос. Лалмикор ҳисобланган юзлаб гектар майдонлар яқин йилларда ҳам баҳор пайтларда яшил тусга киришини ҳисобга олмаганда, ёзда қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куядиган даражада бир чўлни эслатарди. Бу ўтмишдаги тасаввурлар. Бугун эса бу ерларни, умуман, туманни ёй шаклида ўраб турган тоғ ён бағирларини бундай атаб бўлмайди.

УЗОҚ ИСТИҚБОЛНИ КЎЗЛАГАН ҚАРОР
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 1 июндаги "Ёнғоқ ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмасини тузиш ва унинг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги қарори нафақат Ургут тумани, балки республикамиздаги барча тоғолди ҳудудларни яшил майдонларга айлантиришга кенг йўл очди. Бу билан мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида туб ислоҳотлар ўтказиш, ер ва ер ресурсларидан самарали фойдаланиш, томчилатиб суғориш тизимини жорий этган ҳолда янги экин турларини ўзлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Аграр соҳа ривожида янги, тезпишар, ички ва ташқи бозорларда рақобатдош бўлган маҳсулотлар етиштириш, айниқса, суғориш қийин кечадиган тоғолди ҳудудлари ҳамда лалми майдонларда экиш учун хориждан серҳосил ёнғоқ, писта, бодом ва унаби дарахти кўчатлари келтирилмоқда.

Ушбу саъй-ҳаракатлар туфайли вилоятимизнинг Жомбой, Қўшработ, Ургут туманларида интенсив ёнғоқзорлар барпо этилди. Бунинг учун Америка Қўшма Штатлари, Туркиядан тезпишар, оқ мағизли, жаҳон бозорида талаб юқори бўлган "Чандлер" навли ёнғоқ кўчатлари келтирилди. Унинг ўзига хос хусусиятларидан бири совуққа чидамли бўлиши билан бирга, мамлакатимиз иқлимига мос ва серҳосилдир.
ТОШЛОҚ ЕРДА ДУРКУН БОF
Ургут тумани ҳудудидаги тоғ ён бағирларида ёнғоқ, бодом, писта, унаби етиштириш бўйича белгиланган дастурга кўра, 10 минг гектардан ортиқ ер майдони ажратилган. 
– Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йили Ургутга ташрифи давомида туманнинг лалми, тоғолди ерларидан самарали фойдаланиб, интенсив узумчилик, писта, бодом, унаби ва ёнғоқ экиш юзасидан топшириқлар берган эди, – дейди туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Бекзод Тугалов. – Қўйилган вазифалардан келиб чиқиб, ажратилган ер майдонлари ҳисобига 1857 та лойиҳа амалга оширилди. Ушбу ерларнинг 1700 гектарида 2020 йилга қадар ёнғоқзорлар барпо этиш мўлжалланган. Лойиҳалар туфайли 7300 та янги иш ўрни яратилади.
Биз тошлоқдан боғ яратаётган тадбиркорлар ҳузурида бўлиб, уларнинг ишлари билан танишдик. 
– Кўриб турган мана бу ерлар бир умр сув тегмаган тошлоқ ва янтоқзордан иборат эди, – дейди фермер хўжалиги раҳбари Самих Холбобоев. – Қисқа муддат ичида ҳудудда замонавий технология асосида интенсив ёнғоқзор барпо қилдик. Зинак тоғ ёнбағридаги 300 гектар ер текисланиб, атрофи ўралди. Майдонларни суғориш учун янги сув ҳавзалари барпо этдик. Биздан анча пастликда жойлашган «Қоратепа» сув омборидан замонавий насос, агрегатлар ёрдамида сув чиқарилиб, ёнғоқ кўчатларини томчилатиб суғориш йўлга қўйилди. Ерлар узоқ йиллар фойдаланилмай ётганлиги боис тупроқ таркиби лаборатория орқали текширувдан ўтказилди. Тупроқда азот ва фосфор моддаси камлиги аён бўлди. Шуни ҳисобга олиб, кўчатларни агротехника қоидалари асосида ўтқаздик. Ҳозир улар баравж ўсмоқда. Ёнғоқзор майдонлардан самарали фойдаланиш эвазига унинг қатор ораларига асосий турдаги қишлоқ хўжалиги экинларини ҳам экиб оляпмиз. 

Туманда хориждан келтирилган ёнғоқ кўчатларини маҳаллий шароитда етиштиришга ҳам катта эътибор берилмоқда. Жумладан, "Темур Тўлаган кўчат ва ниҳоллари" фермер хўжалигида ёнғоқнинг "Чандлер" нави кўпайтирилмоқда.
– Ўтган йили декабрь ойида Туркия давлатида бўлиб қайтдик, – дейди фермер хўжалиги раҳбари Одил Бобоев. – У ерда биз ҳамкорларимизнинг ишлари билан танишдик ва ўзимиз билан «Чандлер» навли ёнғоқдан олиб келдик. Бу нав ёнғоқ иқлимимизга мос, оқ мағиз ва экспортбоплиги билан бизга маъқул бўлди. 2 гектар майдонда 300 мингта ёнғоқ эккан эдик. Ёнғоқлар тўлиқ униб чиқиб, гуркираб ўсмоқда. Улар бир йилдан кейин пайванд қилингач, тайёр дарахтга айланади. Келгусида кўчат майдонларини янада кенгайтиришни режалаштирганмиз. 
«ЧАНДЛЕР»ГА МОС ЕР
Ургут туманида ёнғоқчиликни ривожлантириш ишлари хусусида сўзимизни якунлар эканмиз, бу борада вилоятимизда амалга оширилаётган кенг кўламдаги лойиҳалар ижроси хусусида ҳам тўхталишни истар эдик. Юқорида номи зикр этилган қарор асосида ёнғоқ ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмаси тузилиб, унинг офиси Самарқанд шаҳрида жойлаштирилди. 
Шунга асосан республикамизнинг Самарқанд, Жиззах, Сурхондарё, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларининг тоғолди ва лалми ер майдонларидан унумли фойдаланишни йўлга қўйиш мақсадида мазкур ҳудудларда интенсив ёнғоқзор, бодомзор, писта ва зайтун боғларини барпо этиш кўзда тутилган.

– Вилоятимизда жами 2500 гектар тоғолди ва лалми ер майдонларида интенсив ёнғоқзор ташкил этиш режалаштирилган бўлиб, унинг 500 гектари Жомбой тумани ҳудудида, 600 гектари Пайариқ туманида ва 1400 гектари Булунғур тумани ҳудудида жойлашган. Мазкур ҳудудларга ёнғоқнинг "Чандлер" ҳамда "Киско" навларини экиш режалаштирилмоқда, – дейди ±нғоқ ишлаб чиқарувчи ва экспорт қилувчилар уюшмаси раиси Камол Абдуллаев. – Шу йилнинг апрель-май ойларида Жомбой туманида 500 гектар ер майдонига синов тариқасида ёнғоқнинг янги нави экилди. Кўчатлар Американинг Калифорния штатидан ҳамда Туркиядан келтирилди. Ҳозирда кўчатларнинг деярли 90 фоизи кўкариб, иқлим шароитимизга мослаштирилмоқда. 

Мамлакатимиз иқлим шароитига мос кўчатларни ўзимизда етиштириш мақсадида Жомбой туманида замонавий лаборатория, иссиқхона ва тажриба майдончаси барпо этилмоқда. Бунинг натижасида лабораторияда ёнғоқ, бодом, писта, зайтун ва бошқа турдаги мевали кўчатлар «ин витро» усулида етиштирилади. Бу кўчатларнинг афзаллиги шундаки, улар турли хил касалликлардан холи, сувсизлик ва совуққа чидамли, шу билан бирга, қисқа муддатда ҳосилга киради. 
ЎНFОҚНИНГ «ЧАҚИЛМАГАН» МЎЪЖИЗАЛАРИ
Айтишларича, уч йилда ҳосилга кирадиган ёнғоқнинг дастлабки йилида ҳар бир тупидан 10-15 килограмм, гектаридан эса 4 тоннагача ҳосил олинар экан. Дарахт тўққиз йиллик бўлганида тўлиқ ҳосилга киради ва ҳар гектар майдондаги ёнғоқнинг ҳосил салмоғи 8 тоннани ташкил этади. Шунда мавжуд ёнғоқзордан 4 тонна юқори сифатли ҳосил олинади.
Кўчат экилганидан уч-беш йил ўтиб, унинг ҳосилини териб олиш қўл меҳнатида бажарилади. Кейинчалик жараён тўлиқ автоматлаштирилган ҳолда, яъни техника ёрдамида амалга оширилади.

Корхона томонидан ёнғоқ ҳосилини қайта ишлаш борасида ҳам аниқ режалар ишлаб чиқилган. Унга кўра, дарахт тўла ҳосилга киргач, ёнғоқзорга яқин ҳудудда замонавий технологияларни жалб этган ҳолда маҳсулотни қайта ишловчи махсус завод бунёд этилади. Бу ерда ёнғоқ қайта ишланиб, қадоқланган ҳолда ички бозор ҳамда хорижга экспорт қилинади.
Мазкур интенсив ёнғоқзор лойиҳаси ишга туширилгач, 200 та доимий ва 500 та мавсумий иш ўринлари ташкил этилади.
Хуллас, вилоятимизда ёнғоқ етиштириш, уни экспорт қилиш имкониятлари кенгаймоқда. Бу эса ички ва ташқи бозорларни хушхўр, ўта фойдали маҳсулот билан тўлдириш имконини беради.

Адҳам ҲАЙИТОВ,
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ,
Лутфулла ШОМУРОДОВ.


Reklama huquqi asosida