Охирги янгиликлар

ИЖРО ИШИНИ ЮРИТИШ ТАКОМИЛЛАШАДИ Иқтисодиёт

Мамлакатимизда иқтисодиётнинг барча тармоғини жадал ривожлантириш, инвестициявий жозибадорлигини ва ишбилармонлар фаоллигини ошириш, ишлаб чиқариш ҳамда хизмат кўрсатиш соҳасини кенгайтириш йўлида кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Шубҳасиз, бу жараёнда суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишнинг таъсирчан механизмларини яратиш, мол-мулкни реализация қилиш бўйича аукцион савдоларининг қонунийлиги, шаффофлиги ва холислигини таъминлаш муҳим ўрин тутади. 
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида концептуал жиҳатдан биринчи ўқишда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги  қонун ана шу мақсадга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Қонун билан мамлакатимизнинг "Гаров тўғрисида"ги, "Ипотека тўғрисида"ги ҳамда "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги қонунларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, унга мувофиқ, хатланган мол-мулкни сотиш бўйича аукцион савдоларини фақат электрон онлайн-аукционлар шаклида ўтказиш таклиф этилди. Бундай янги тартиб фуқаролар учун электрон онлайн-аукционларда кенг иштирок этиш ҳамда кўчмас мол-мулк, автотранспорт воситалари ҳамда бошқа мол-мулкни адолатли ва шаффоф савдоларда сотиб олиш имкониятини таъминлайди.

Бундан ташқари, қонун лойиҳаси билан дастлабки электрон онлайн-аукционлар нархни ошириб бориш тамойили асосида ўтказилиб, унда лот нархи бўйича охирги тасдиқлаган иштирокчи ғолиб, деб топилиши таклиф қилиняпти. Шу билан бирга, дастлабки аукционлар мол-мулкка қизиқиш бўлмаганлиги сабабли ўтказилмаган деб топилган тақдирда, нархни тушириб бориш тамойили асосида такрорий аукционлар ўтказилиб, бундай аукционларда эълон қилинган лот нархини биринчи тасдиқлаган иштирокчи ғолиб деб топилиши кўзда тутилмоқда. Бу эса электрон онлайн-аукционларда ғолибларни ташқаридан ҳеч бир аралашувсиз автоматик тарзда аниқлаш имконини беради. 

Шу ўринда яна бир муҳим жиҳат. Илгари суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда анъанавий аукционларни ташкил этиш билан риэлторлик ташкилотлари (кўчмас мулк бўйича) ва бошқа ихтисослаштирилган ташкилотлар (бошқа мол-мулклар бўйича) шуғулланар эди. Қонун лойиҳасида ушбу функцияни ваколатли операторга юклатиш таклиф этилди. 

Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда мол-мулкни реализация қилиш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори билан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Мажбурий ижро бюроси ҳузурида "Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази" давлат унитар корхонасига асос солинди. У "E-IJRO AUKSION" ягона электрон савдо майдончасида электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш ва ўтказишга ваколатли оператор сифатида белгиланган.
Очиғини айтиш лозимки, шу кунгача ижро ишини юритишда коррупциявий хавф-хатарларни ўз ичига олган, қонунларнинг бузилиши ва фуқароларнинг асосли норозилигига сабаб бўлиб келган айрим механизмлар мавжуд эди. Қолаверса, суд қарорларини ижро этиш доирасида ўтказиб келинган оммавий савдолар замонавий талабларга жавоб бермасди. Оқибатда буларнинг барчаси хатланган мол-мулкнинг олди-сотди бозорини монополиялаштиришга, нарх бўйича манипуляцияларга ва бошқа коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга сабаб бўлар эди. 

Масалан, кўп ҳолларда мол-мулк савдога қўйилганлиги тўғрисидаги ахборотдан кўпчилик хабардор бўлмаган, чунки бундай хабарномалар савдодан бир ой олдин фақат бир марта босма оммавий ахборот воситаларида чоп этилган. Натижада айрим инсофсиз савдо ташкилотлари томонидан аукционда қатнашувчи харидорларнинг сони сунъий равишда чекланган, мол-мулклар эса арзон нархларда манфаатдор шахсларга сотилган.
Ҳуқуқни қўллаш амалиётидаги мазкур камчиликлар сотувга чиқарилган мол-мулкнинг бир неча маротаба арзонлаштирилишига, мазкур жараённинг чўзилиб кетишига олиб келиб, пировардида суд қарорларининг вақтида ҳамда тўлиқ ижро этилишига имкон бермаган.

Шу сабабли ҳам мазкур қонун жамоатчилик, соҳа вакиллари томонидан ижобий кутиб олинди. Чунки бу қонун лойиҳаси суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда мол-мулкни реализация қилиш бозорини монополиядан чиқаришга, унинг имкон қадар шаффофлигини таъминлашга қаратилган. 
Элдор ТУЛЯКОВ,
Сиддиқ НОМОЗОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик
палатаси депутатлари.


Reklama huquqi asosida