Охирги янгиликлар

Ёшлар тарбияси – эътиборда Жамият

Каттақўрғон шаҳрида ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашда оила, мактаб ва маҳалла ҳамкорлигини янада кучайтириш, эрта никоҳ ҳамда вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарлик содир этилишининг олдини олиш, узоқ муддатга хорижга ишлаш учун кетган ёшларни уйларига қайтариш масалаларига бағишланган семинар-йиғилиш ўтказилди.
Прокуратура, ички ишлар идоралари, таълим муассасалари раҳбарлари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари иштирок этган тадбирда шаҳар маҳаллаларида, мактаб, лицей ва коллежлардаги ўсмир-ёшлар тарбияси билан боғлиқ ишлар таҳлил қилинди.
– Бугунги кунда шаҳримиздаги академик лицей ва коллежларда таҳсил олаётган ўқувчиларнинг айримлари ўзга юртларга ишлаш учун чиқиб кетганлиги аниқланди, – дейди Каттақўрғон шаҳар прокурори Эркин Шарипов.
– Уларнинг 14 нафари ўқувчи қизлар эканлиги ачинарлидир. Бунга ким айбдор? Албатта, уйда ота-она, ўқиш жойида муассаса раҳбарлари. Ҳуқуқ-тартибот идоралари, маҳалла ва таълим муассасаларининг биргаликдаги саъй-ҳаракати туфайли 50 нафар ўқувчи чет давлатлардан қайтариб олиб келинди ва ўқишларини давом эттиришмоқда. Шунингдек, семинар иштирокчилари ёшлар тарбиясида «Билимгоҳ-маҳалла-оила» ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш, мактаб битирувчиларини коллежларга қамраб олиш, коллеж битирувчиларини ишга жойлаштириш ва ҳар бир фуқаронинг ҳаётда ҳушёр ва огоҳ бўлиши мавзусида фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Абдуазиз ҲОШИМОВ.