Охирги янгиликлар

Ёзишда маҳорат зарур Жамият

«Журналистик маҳорат маркази»нинг саккизинчи мавсуми машғулотларида журналистиканинг жанрлар таснифи бўйича режавий йўналишлари ўлароқ ёзишда кўпроқ маҳорат зарурлиги хусусида сўз борди. Боиси, тингловчиларнинг беш-олти нафари шаҳар ва туман, тармоқ газеталари таҳририятлари ходимлари ҳамда олий ўқув юртлари талабалари бўлди. Кўпчилигининг ёзишга иштиёқи баланд, мавзу топиш ва ёритиш, мақолада айтмоқчи бўлган гапини бадиий-публицистик бўёқларда тасвирлашга уринаётган ёшлар маҳорат ўрганишни мақсад қилганлар.
Илк сабоқлардаёқ ниманидир «қоралаб» келадиган, ёзганларини аудиторияга ўқиб берадиган ёшлар бўлдики, уларда ўзлари таҳсил олаётган мутахассислиги баробарида газетага меҳр, журналистикага қизиқиш сезилиб турди. Янги-янги мавзулар ҳақида баҳс-мунозара уйғонди. Ёзганлари тўғрисида ўзлари танқидий фикр ҳам билдирдилар. Жамиятдаги воқеа-ҳодисаларга муносабат билдириш учун кишида билим ва муайян тушунча бўлиши лозим. Тингловчиларнинг кўпчилигини бугунги ижтимоий муаммолар, хусусан ўсмир-ёшлар тарбияси ёхуд айрим
оилаларда болаларнинг қаровсиз, назоратсиз қолдирилаётгани қизиқтирмоқда. Айрим ёшларнинг «оммавий маданият»га «ўч»лиги, ҳатто мактаб ўқувчиларини-да қўл телефонларига беҳаё «ёзув»ларни кўчириб олаётгани ҳақидаги қораламалари мунозараларга сабаб бўлди. Мактаб тингловчиларининг долзарб мавзуларда ёзишга ҳаракат қилаётгани уларнинг бугунги глобаллашув жараёнларига бефарқ эмаслигини кўрсатди.
СамДЧТИ талабалари Моҳина билан Мадина кичик хабар ва ахборот ёзишни, итальян ва корейс тилларидан таржимани ўрганган бўлишса, Асқар, Баҳриддин ва Зиёд материалларда таҳлил, хусусан воқеа-ходисани таҳлил қилишни чуқурроқ англадилар. Туман газеталари қошидаги адабий тўгаракларда қатнашиб, газетачиликдан анча-мунча воқиф бўлган Бобур ва Машраб кўпроқ мулоҳазали мақолалар ёзишга ҳаракат қилишди. Коллеж ўқувчиси Муҳаммадалининг машқларида тезкорлик ва ҳозиржавоблик кўриниб туради. У ўзи кўрган ва қатнашган давра суҳбати, учрашувлар тўғрисида лўнда ахборот ёзишга «уста» бўлиб қолди.Таҳлил ва таҳрир хусусида сўз борар экан, журналист маҳоратининг устуворлиги айнан шунда эканлигига амин бўламиз.
– «Зарафшон»нинг мактаби сабоғидан баҳраманд бўлдим, – дейди Мадина Сиддиқова. – Ёзганларим газетада ёритилди. Мақолаларимни институтдаги устозларим юқори баҳолашди. Корейс тили йўналишида ўқишим баробарида ёшлар мавзусида, хусусан, уларнинг интилиш ва иқтидорини очиб берадиган мақолалар ёзишни ният қилганман.Бу йил мактабимизнинг 15 нафар битирувчисига сертификат берилди. Биз иқтидорини алоҳида эътироф этган Олим Соннибоев ҳозирги кунда «Зарафшон», Асқар Баратов, Баҳриддин Хонкелдиев ва Зиёд Абдуҳошимовлар «Самарқанд» каби газета таҳририятларида фаолият кўрсатмоқдалар.

Убайдулла СИРОЖЕВ,
Насиба ЖОНТЎРАЕВА,
«Зарафшон» газетаси ҳузуридаги «Журналистик маҳорат маркази» тренерлари.