Охирги янгиликлар

Ёшлар иллатга қарши Жамият

Самарқанд шаҳрида «Баркамол авлод – гиёҳвандлик, диний экстремизм ва терроризмга қарши!» шиори остида ёшлар акцияси ўтказилди.
Гиёҳвандликка қарши кураш ойлиги муносабати билан ташкил этилган тадбирлар доирасида «Ёшлик» маданият ва истироҳат боғида ўқувчи ва
талаба-ёшлар томонидан гиёҳвандлик, кашандалик, ичкиликбозлик ва ОИТС каби иллатларнинг салбий оқибатлари акс эттирилган расмлар
кўргазмаси уюштирилди. Шунингдек, ёшлар ўртасида арқон тортиш, тош кўтариш, шахмат-шашка, армрестлинг, стол тенниси каби спорт мусобақалари ўтказилди.
– Гиёҳвандлик ижтимоий иллат, маънавий ва жисмоний хасталик, – дейди вилоят наркология диспансери мутахассиси Гулчеҳра Жалилова. –
Бироқ буни англамай, унинг домига илиниб қолаётган ёшлар кўп учрамоқда. Бугунги каби тадбирлар эса аҳолининг огоҳлигини кучайтириш,
уларни салбий иллатлар таъсиридан асрашга хизмат қилади. Самарқанд олимпия захиралари тайёрлаш марказида ташкил этилган спорт мусобақаларида ҳам ёшлар фаол қатнашди. Улар спорт соғлом турмуш тарзининг асоси эканлигини ўз чиқишларида намоён этдилар. Вилоятда фаолият кўрсатаётган спорт федерацияларининг кўргазмали чиқишлари ҳам иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
«Динамо» ўйингоҳидаги «Футбол-шоу» тадбирларида «Маҳалла» хайрия жамоат фонди вилоят бўлими «Футболимиз келажаги», «Камолот»
ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши ходимлари ҳамда «Ўзбекнаво» эстрада бирлашмаси хонандаларидан таркиб топган футбол
жамоалари ўзаро беллашди. Муросасиз кечган баҳслар стадионга йиғилган футбол ва санъат ишқибозларида илиқ таассурот қолдирди.
Йиғилганлар вилоятимизда ижод қилаётган таниқли эстрада хонандаларининг чиқишидан мамнун бўлдилар.
Тадбир сўнггида акцияда фаол иштирок этган ёшларга ташкилотчиларнинг диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари Ш.Қулматов сўзга чиқди.

Бахтиёр МУСТАНОВ,
Ҳусан ЭЛТОЕВ.
«Зарафшон» мухбирлари.