Охирги янгиликлар

Ягона оила фарзандларимиз Жамият

Самарқанд санъат коллежи концерт залида «Соғлом бола тарбиясида миллий қадриятларнинг ўрни» мавзусида илмий-амалий семинар ўтказилди.
«Соғлом бола йили» Давлат дастури ижроси юзасидан ташкил этилган тадбирда Республика Байналмилал маданият маркази директори
Н.Муҳаммадиев, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Г.Маъруфова ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида ёш авлодни
ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялаш, юртимизда қарор топган миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини янада
мустаҳкамлашга улкан эътибор қаратилаётганини алоҳида таъкидлади. Мамлакатимизда истиқомат қилаётган барча миллат ва элатлар
вакиллари фарзандларининг миллий ва умуминсоний қадриятлар асосида замонавий таълим-тарбия олиши учун кенг имкониятлар яратилган.
Вилоятимизда бугунги кунда юздан ортиқ миллат ва элат вакиллари ягона оила фарзандларидек аҳил-иноқ ҳаёт кечириб келмоқда. Уларнинг ўз
миллий анъана ва қадриятларини асраб-авайлаши, урф-одат ва расм-русумларини адо этиши ҳамда бу маънавий меросни ўсиб келаётган ёш
авлодга ўргатишни таъминлашда вилоятда фаолият кўрсатаётган миллий маданият марказларининг ўрни катта бўлмоқда.
– Соғлом фарзанд деганда, унинг фақат жисмоний саломатлиги эмас, маънавий баркамоллиги ҳам тушунилади, – дейди Маънавият тарғибот
маркази вилоят бўлими раҳбари Салоҳиддин Санақулов. – Бу бола тарбиясига таълим муассасалари билан бирга ота-она, маҳалла-кўй, кенг
жамоатчилик ҳам бирдай эътиборли бўлишини тақозо этади. Миллий маданият марказлари ҳам фарзандларимизни миллий ва умуминсоний
қадриятлар асосида камолга етказиш, уларга қадимий ва бой тарихимиз, маданиятимизни ўргатиш борасида муайян ишларни амалга оширмоқда.
Тадбир якунида вилоятдаги миллий маданият марказлари бадиий жамоаларининг концерт дастури намойиш этилди. Мамлакатимиздаги
миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик акс этган «Биз – ягона оила фарзандларимиз» номли фотокўргазма ташкил этилди.
Семинарда вилоят ҳокими З.Мирзаев сўзга чиқди.

***

Шу каби тадбирлар вилоятимизнинг Булунғур, Ургут ва Паст Дарғом туманларида ҳам ўтказилди.
Ғ.ҲАСАНОВ