Охирги янгиликлар

Соғлом авлод камолоти йўлида Жамият

Самарқандда Президентимизнинг 2014 йил 19 февралдаги «Соғлом бола йили» Давлат дастури тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини ошириш масалаларига бағишланган республика семинари ўтказилди.
Тадбирда вазирлик тизимидаги бошқарма ва идоралар, даволаш-профилактика муассасалари, ўқув юртлари ва тиббий марказлар раҳбарлари, мутахассислар қатнашди.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари А.Худаяров, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Б.Эгамбердиев ва бошқалар мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар юксак самаралар бераётганини таъкидладилар. Аҳолига бирламчи ва шошилинч тез тиббий ёрдам кўрсатишнинг такомиллашгани, даволаш-профилактика муассасалари моддий-техника базасининг босқичма-босқич мустаҳкамланаётгани ва юқори малакали кадрлар билан таъминланаётгани соҳадаги муваффақиятларнинг бош омили бўлмоқда.
Семинарда мазкур йўналишда вилоятимизда олиб борилаётган ишлар таҳлил этилди. Айни пайтда вилоятимиз аҳолисига 490 та тиббиёт муассасалари орқали тиббий хизмат кўрсатилмоқда. 2009-2013 йилларда тегишли инвестиция дастури асосида соғлиқни сақлаш муассасаларида қурилиш, реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишларига эллик миллиард 700 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. Жорий йилда ушбу мақсад учун 27 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилган. Шунинг ҳисобидан айни пайтда бир қатор туман тиббиёт бирлашмалари, 27 та қишлоқ врачлик пунктида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.
«Соғлом бола йили» Давлат дастури асосида йилнинг ўтган даврида «Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!» шиори остидаги тиббий кўрикда вилоятнинг чекка ҳудудларида яшовчи тўққиз мингдан зиёд аҳолининг саломатлиги назоратдан ўтказилиб, беш мингдан ортиқ фуқароларга амбулатор ёки стационар даволаниш учун тавсиялар берилди. Умуман, биринчи чоракда 1 миллион 145 мингдан ортиқ юртдошларимиз чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Юз минг нафарга яқин ҳомиладор аёлларга таркибида фолий кислотаси бўлган витаминлар тарқатилди.
Анжуманда аҳолига бирламчи тиббий санитария ёрдами кўрсатиш ва профилактик йўналишдаги тадбирларни кучайтириш, аҳоли репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом оилани шакллантириш борасида олиб борилаётган ишлар, бу борада юзага келаётган муаммолар ҳамда уларнинг ечимлари атрофлича муҳокама этилди.
Семинар қатнашчилари Самарқанд шаҳридаги даволаш-профилактика муассасалари фаолияти билан танишдилар.
Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Х.Хўжаёров иштирок этди.

Ғ.ҲАСАНОВ.