Охирги янгиликлар

Савоб иш – виждон амри Жамият

Ҳар йили 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни сифатида нишонланиши халқимизнинг қалби меҳр ва саховатга тўла эканлигидан далолат беради. Юртимизда ногиронлар давлатимиз томонидан муҳофазага олинган, уларга доимо ғамхўрлик кўрсатилади. Ўзгалар меҳри ва ёрдамига муҳтожларнинг уйларига бориб, ҳолидан хабар олинади, моддий ва маънавий ёрдамлар кўрсатилади.
Бугунги кунда вилоятимизда 60 мингга яқин ногиронлар истиқомат қилади. «Ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунга амал қилган ҳолда ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронларни ижтимоий муҳофаза қилиш ва уларга ижтимоий хизмат кўрсатишни янада кучайтириш бўйича кенг кўламли иш олиб борилмоқда. Жамиятимизнинг 60 дан ортиқ кўнгиллилари ёрдамида байрам ва муҳим саналарда уларнинг хонадонларига борилиб, хайрия ва саховат ёрдамлари кўрсатилмоқда.
Жорий йилда ҳам вилоят ҳокимлигида тузилган ишчи гуруҳи ёрдамида халқаро ногиронлар кунини ўтказиш чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Барча шаҳар ва туманларда «Саховат» ва «Мурувват» уйларида давлат ва нодавлат ташкилотлари, хайрия жамғармалари, ҳомийлар билан биргаликда ногиронлар учун байрам дастурхонлари тузаш, уларга совға-саломлар улашиш, 50 та ногиронлик аравачаси, 50 та эшитиш мосламаси ва бошқа воситалар тарқатиш режалаштирилган. Шунингдек, Самарқанд шаҳридаги тарихий ва эътиборга молик гўшаларга зиёрат ташкил этилади.
3 декабрь куни Ҳамид Олимжон номидаги вилоят мусиқа ва драма театрида хайрия марафони ўтказилади. Ушбу тадбирдан тушган маблағ кўнгли ўксик кишиларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий ҳимоялаш, шунингдек, уларнинг турмуш шароитларини яхшилашга сарфланади.
Бугунги кунда жамиятимиз вилоятдаги кўплаб ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Хусусан, вилоят «Пахтасаноат» бирлашмаси, «СамАнтепгилам» қўшма корхонаси, «Дори-дармон» акциядорлик жамиятлари, тижорат банклари тадбирларимизга ҳомийлик қилишади.
Шунингдек, жамият қошида фаолият кўрсатаётган фирма ва шўъба корхоналарида элликдан зиёд ногиронлар, кам таъминланган оилалар фарзандлари меҳнат қилмоқда. Тайлоқ туманидаги «Гулсара Шоди қизи» шўъба корхонаси, Ургутдаги «Биби Фатхия», «Сардор КАИ», «Гулзора Сунбула» корхоналари ўнлаб ногиронларни иш билан таъминлаган. Ўтган йили Самарқанд шаҳрида тадбиркор Феруза Ҳасанова томонидан ташкил этилган тикувчиликка ихтисослашган «Феруза-Парвона» шўъба корхонасида 5-6 нафар хотин-қиз ишлайди. Жамият кўмагида ўз фаолиятини кенгайтиришга аҳд қилган тадбиркор яна 15 нафар ногиронни ишга олишни режалаштирган.
Япониянинг «Қaika» ҳамкорлик ташкилоти билан алоқаларимиз ҳам яхши самара бермоқда. Япониялик мутахассислар ногиронларга ўз бизнесини ташкил этиш бўйича тавсиялар бердилар.

Дилмурод ПАРДАЕВ,
вилоят ногиронлар жамияти раиси.


Reklama huquqi asosida