Охирги янгиликлар

Меҳр-мурувват кўрсатилди Жамият

Вилоят Ҳамид Олимжон мусиқа ва драма театри биносида Халқаро ногиронлар куни муносабати билан хайрия марафони бўлиб ўтди.
Вилоятдаги корхона ва ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлар раҳбарлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбирда имконияти чекланган юздан зиёд кишиларга ногиронлик аравачаси, эшитиш мосламаси, ҳасса ва қўлтиқтаёқлар ҳадя этилди. Шунингдек, вилоят меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бош бошқармаси ҳамда «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия жамғармаси вилоят бўлими томонидан бепул дори-дармонлар ва иссиқ кийим-кечак совға қилинди.
– Бахтсиз тасодиф туфайли ногирон бўлиб қолдим, – дейди Самарқанд туманида яшовчи биринчи гуруҳ ногирони Кибриё Комилова. – Яхшиям, ёнимда ота-онам, яқинларим қатори ўзим истиқомат қилаётган маҳалла фаоллари, ногиронлар жамиятининг вакиллари бор экан, тушкунликка тушишимга йўл қўйишмади. Улар ҳар бир байрам ва сайилларда уйимизга келиб, ҳолимдан хабар олиб туришади. Бугунги марафонда давлатимизнинг эътибори ва ғамхўрлиги туфайли янги аравачали бўлдим.
Тадбир иштирокчилари Самарқанд шаҳрининг тарихий ёдгорликлари ва диққатга сазовор жойларини томоша қилишди. Байрам дастурхонидан баҳраманд бўлишди. Вилоятимизнинг таниқли санъаткорлари иштирокида хайрия концерти намойиш этилди.
Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Х.Хўжаёров иштирок этди.
***
Бу каби тадбирлар вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларида, «Мурувват» ва «Саховат» уйларида ҳам бўлиб ўтди.

Дилмурод ТЎХТАЕВ.


Reklama huquqi asosida