Охирги янгиликлар

Хизмат ҳам янгича бўлади. Жамият

Каттақўрғон шаҳри аҳолиси Соғлом она ва бола йили арафасида замонавий қулайлик ва имкониятларга эга тиббий муассаса хизматидан фойдаланадиган бўлди. Яқинда бу ерда шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникасининг янги биноси фойдаланишга топширилди. 
Республика инвестиция дастури асосида жорий йилда Каттақўрғон шаҳар тиббиёт бирлашмасининг нафақат ушбу поликлиникаси бунёд этилди, балки шошилинч тиббий ёрдам ва жарроҳлик бўлимлари ҳам реконструкция қилинди.
Мазкур муассасаларнинг очилишига бағишланган тадбирда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Б.Эгамбердиев, Каттақўрғон шаҳар ҳокими Ш.Раҳмонов ва бошқалар юртимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, халқимизга юқори сифатли, замонавий тиббий хизмат кўрсатиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини таъкидладилар.
– Ушбу муассасаларда «Баҳодир А» хусусий корхонаси томонидан 4 миллиард 750 миллион сўмлик қурилиш-реконструкция ишлари бажарилди, – дейди Каттақўрғон шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Суннатилла Усмонов. – Шунингдек, «Саломатлик-3» лойиҳаси асосида замонавий ташхис ва даволаш ускуналари ўрнатилди. Айниқса, кўп тармоқли марказий поликлиникада яратилган шароитлар беморларни тезкор текшириш ва уларга аниқ ташхис қўйиш имкониятини беради.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси
ахборот хизмати.