Охирги янгиликлар

Қишлоқда нега чиқиндихона йўқ? Жамият

Юртимиз қишлоқларидаги гўзал манзараларни баъзида елим идиш ва бошқа пластмасса чиқиндилар бузаётганига гувоҳ бўляпмиз. Сабаби оддий, қишлоқларда чиқинди ташлаш жойлари мавжуд эмас. 
Булунғур туманида бўлганимизда чиқиндихона ташкил этиш ва уларни олиб кетиш борасида туман марказида кейинги бир неча йилда анчагина ўзгаришлар бўлганига гувоҳ бўлган ҳолда қишлоқ ҳудудларида бирорта ҳам чиқинди ташлаш жойи ташкил этилганини кўрмадик.
2013 йил 3 декабрда Вазирлар Маҳкамасининг "Республика аҳоли пунктларида санитария жиҳатидан тозалаш тизимини ривожлантириш ва такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори эълон қилингач, ўтган уч йил мобайнида туман марказида чиқинди ташлаш жойлари салкам йигирматага етди. Мазкур ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида вилоят ҳокимлиги қарори эълон қилиниб, туманларда махсус, атрофи девор билан ўралган ва турли чиқиндилар учун алоҳида контейнерлар ўрнатилган чиқиндихоналар қуришга киришилди. 
 
– Бу мақсад учун туманимизда 104 миллион сўм маблағ ажратиш кўзда тутилган бўлиб, айни вақтда 52 миллион сўм ўзлаштирилган ва юқоридаги тартибда иккита чиқиндихона ташкил этилган, – дейди туман ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Алишер Элмуродов. – Тез орада худди шундай яна иккита чиқиндихона ташкил этиш режалаштирилган. Бошқармамиз ихтиёрида чиқинди ташиш учун саккизта автомашина бўлиб, уларнинг барчаси махсус автоматлаштирилган назорат тизими (GPS) билан таъминланган. 
Шундай бўлгани ҳолда туманда санитар тозалаш хизмати билан қамраб олинганлик даражаси жуда паст. Туманда айни вақтда 163 минг нафар аҳоли истиқомат қилса, жорий йилнинг январь-июль ойларида фақат 6100 нафар аҳолига санитар хизмат кўрсатилган. Бу эса тўрт фоиздан ҳам камроқ деганидир. 

Шу ўринда бир маълумот. Аҳолига санитар хизмати кўрсатиш ҳолатининг пастлиги фақат Булунғур туманига хос эмас. Оқдарё туманида 2,7 фоиз, Иштихонда 3,4 фоиз, Пайариқ ва Ургут туманларида 2,3 фоиз аҳоли санитар хизмат кўрсатиш бўйича қамраб олинган. Жорий йилнинг олти ойида энг кўп аҳолига санитар хизмат кўрсатиш Жомбой туманига тўғри келади – 11,1 фоиз.
Гарчи, Булунғур туман ободонлаштириш бошқармаси махсус, гараж, таъмирлаш базасига эга бўлмаса-да етарли техникага эга. Яъни, чиқиндиларни ўз вақтида ташиб кетиш имконияти бор. Бир қатор ҳудудлар, соғлиқни сақлаш муассасаларида бўлиб чиқиндининг ҳар икки кунда ташиб кетилишига амин бўлдик. Шу билан бирга 15-20 кунлаб чиқинди олиб кетилмайдиган ташкилотлар ҳам бор экан. Мисол учун, туманнинг қоқ марказида жойлашган 1-мактабгача таълим муассасасида ана шундай ҳолат. Бу ҳам етмагандек, муассасада чиқинди ташлаш қутисининг ўзи йўқ. Чиқиндиларни боғча болалари шунчаки ҳожатхона ёнига тўкиб кетмоқда.

Айтиш лозимки, вилоят ҳокимининг 2016 йил 15 апрелдаги "Ҳудудда санитар-тозалик хизматлари учун тарифларни белгилаш тўғрисида"ги қарорида шаҳарлар ва туманларда қаттиқ ва маиший чиқиндиларни йиғиш ва ташиб кетиш хизматлари тарифлари, 2015 йил 29 декабрдаги қарорида эса асосан қаттиқ ва маиший чиқиндилар махсус корхоналар томонидан ёз кунларида ҳар куни, қиш ойларида эса уч кунда камида бир маротаба олиб кетилиши белгиланган.
Бир қатор камчиликлар бўлса-да туман марказида чиқинди ташиб кетиш йўлга қўйилган. Аммо юқорида айтганимиздек, туманнинг бирорта қишлоғида аҳоли ана шу хизматдан фойдаланиш имконига эга эмас. Тумандаги Каттақишлоқ маҳалласига кириб борар эканмиз бир неча қишлоқда шундоққина йўл ёқасидаги чуқурликда чиқинди ташланишига гувоҳ бўлдик. Мисол учун, ушбу маҳалла марказидан бир чақирим нарида қишлоқ қабристони ва Булунғур ариғи ўртасида ана шундай "чиқиндихона" мавжуд. Бу ҳолатга на маҳалла, на аҳоли ва на туман давлат санитария-эпидемиология маркази ходимлари эътибор қаратади. 

– Аҳоли пунктларида санитария жиҳатидан тозалаш тизимини ривожлантиришга қаратилган ҳуқуқий ҳужжатлардан хабаримиз бор, – дейди Каттақишлоқ маҳалла фуқаролар йиғини раиси Саидрасул Имомов. – Тўғри, қонун-қоидалар бор, шароитлар етарли. Аммо бу борада аҳоли онгида ҳам ўзгариш бўлиши керак экан. Негаки, яқиндагина маҳалла марказида тўпланиб қолган чиқиндиларни тозалашга фуқаролар йиғини ходимларидан бошқа бировнинг ҳашарга чиқмаганига ўзим гувоҳ бўлдим. Билдикки, чиқиндиларни қабристон ёки катта ариқ бўйига ташламаслик борасида тарғибот ишларини ўтказишимиз шарт. Чиқиндихона ташкил этиш ва туман ободонлаштириш бошқармаси билан шартнома имзолаш бўйича эса келаси ҳафтада маҳалла фаоллари билан йиғилиш ўтказиб, амалий ишга ўтмоқчимиз. 
Маҳалла раисининг тарғибот хусусидаги гапларида жон бор. Сабаби, яқин йилларгача аҳоли томонидан қаттиқ ва маиший чиқиндилар чиқарилмаган ва бу бўйича маълум бир тизим шаклланмаган бўлса, саноат ривож топган бугунги замонда қишлоқдан ҳисобсиз қаттиқ ва маиший чиқиндилар, айниқса, пластмасса ва елим идишлар қолдиқлари чиқарилмоқда. Демак, қишлоқда чиқиндихона ташкил этиш ва уни ташиб кетиш хизматини йўлга қўйиш вақти аллақачон келди. 

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ,
Ҳусан ЭЛТОЕВ,
"Зарафшон" мухбирлари.