Охирги янгиликлар

Замонавий тиббиёт масканлари Жамият

Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиб келаётган вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази, 6-сонли оилавий поликлиника, Оқдарё тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиника ҳамда юқумли касалликлар шифохонасининг янги бинолари фойдаланишга топширилди. 
Инвестиция дастури асосида 2 миллиард сўмдан кўпроқ маблағ сарфланиб қурилган Самарқанд шаҳридаги 6-сонли оилавий поликлиника 46 минг аҳолига тиббий хизмат кўрсатади. Муассасада 20 га яқин мутахассислар учун алоҳида хоналар ажратилиб, зарур тиббий ускуналар билан таъминланган. 

– Поликлиникамиз шаҳарнинг 19 маҳалласи аҳлига хизмат кўрсатади,– дейди муассаса бош врачи Лола Абдуллаева. – Бир вақтлар "Бофанда" МЧЖга қарашли болалар боғчасини ижарага олиб фаолият кўрсатар эдик. Айниқса, қишда тор ва совуқ хоналарда нафақат касалларга, балки биз, шифокорларга ҳам анча қийинчилик туғиларди. Энди-чи, замонавий бино ва тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланган муассасамиз ҳамшаҳарларимизга самарали хизмат кўрсатишга қулайликлар яратади.
Инвестиция дастури асосида 10 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланиб, реконструкция қилинган вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази нафақат вилоятимиз, балки Қашқадарё, Сурхондарё, Навоий, Бухоро ва Жиззах вилоятларидан келган бемор болаларга ҳам замонавий тиббий хизмат кўрсатади. Германия билан ҳамкорлик лойиҳасига асосан хориждан сўнгги русумдаги тиббий асбоб-ускуналар келтириб ўрнатилди. 

Оқдарё туман тиббиёт бирлашмасига қарашли 250 ўринли кўп тармоқли марказий поликлиника ва 30 ўринли юқумли касалликлар шифохонасининг янги бинолари аҳоли учун муносиб совға бўлди. Чунки, марказий поликлиниканинг эски биноси авария ҳолатида эканлиги, юқумли касалликлар шифохонаси анча узоқда жойлашганлиги сабабли аҳоли учун қийинчилик туғдирарди.  
Тадбирларда иштирок этган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Б.Эгамбердиев, вилоят врачлар ассоциацияси раиси Н.Хўжаев ва бошқалар юртимизда соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилган ислоҳотлар аҳамияти, тиббиёт муассасаларининг замонавий диагностика ва даволаш асбоб-ускуналари билан жиҳозланиши, касалликларни тўғри аниқлаш, самарали даволашга хизмат қилишини таъкидладилар. 
Дилмурод ТЎХТАЕВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).