Охирги янгиликлар

Меҳр-мурувват кўрсатилди Жамият

Ҳамид Олимжон номидаги вилоят драма ва мусиқа театрида 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан хайрия марафони бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоятдаги корхона ва ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Таклиф этилган имконияти чекланганларга 10 та ногиронлик аравачаси, кўплаб эшитиш мосламаси, ҳасса ва қўлтиқтаёқлар ҳадя этилди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, "Нуроний" жамғармаси ҳамда "Соғлом авлод учун" халқаро хайрия жамғармаси вилоят бўлимлари томонидан бепул дори-дармонлар ва иссиқ кийим-кечаклар совға қилинди.
– Давлатимиз томонидан бизга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликдан миннатдормиз, – дейди вилоят ногиронлар жамияти раиси Дилмурод Пардаев. – Бугунги хайрия марафонидан тушган маблағ кўнгли ўксик кишиларни ҳам моддий, ҳам маънавий қўллаб-қувватлашга, ижтимоий ҳимоялашга ва уларнинг турмуш шароитини яхшилашга сарфланади. 
Ушбу сана муносабати билан шаҳар ва туманларда истиқомат қилаётган ногиронларга яна 149 та аравача, 40 та ҳасса ва қўлтиқтаёқлар тарқатилиб, саломатликларини тиклашлари учун сиҳатгоҳларга йўлланмалар берилди. 
Тадбир якунида байрам дастурхони ёзилиб, хайрия концерти намойиш этилди.  
Тадбирдан сўнг иштирокчилар Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини, сўнгра Хўжа Дониёр мажмуаси ва Амир Темур мақбарасини зиёрат қилишди. 
Шу куни "Саховат", "Мурувват" ҳамда махсус мактаб-интернатларда, болалар уйларида, шунингдек, шаҳар ва туманларда мазкур санага бағишланган хайрия тадбирлари бўлиб ўтди.

Дилмурод ТЎХТАЕВ.


Reklama huquqi asosida