Охирги янгиликлар

Профилактика куни самарали ўтди Жамият

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида  2017 йилнинг 9 февраль куни ўтказилган "Ички ишлар органлари фаолияти, тизимда мавжуд муаммо ва камчиликлар, истиқболдаги вазифалар" мавзусига бағишланган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари ҳафтанинг пайшанба кунини "Профилактика куни" деб эълон қилиб, шу куни амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларга алоҳида эътибор қаратган эди.
Шу асосида 16 февралда вилоятимизда ҳам дастлабки "Профилактика куни" тадбирлари ўтказилди. Унда ички ишлар органлари ходимлари билан бирга бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, ҳокимлик ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
– Кун давомида вилоят бўйича 16 минг 826 та хонадонга кирилиб, оилалардаги вазият, аҳолини қийнаётган муаммолар ўрганилди, – дейди вилоят ички ишлар бошқармаси ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бошқармаси бошлиғи, подполковник Рашид Раҳимов. – Паспорт-виза қоидаларига риоя этиш, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, уйни ижарага бериш тартиблари тушунтирилди. Узоқ муддат хорижга чиқиб кетган ва яшаш манзилларига қайтиб келган фуқаролар, уларнинг оила аъзолари билан тегишли тартибда профилактик ишлар олиб борилди. Ветеринария хизмати ходимлари уй ҳайвонларида учрайдиган юқумли касалликларнинг олдини олиш мақсадида эмлаш тадбирларини амалга оширди, хонадон эгаларига бу борада зарур тушунча берди. 

Профилактика куни вилоятдаги 511 умумтаълим мактаби, 108 касб-ҳунар коллежи ва академик лицейда ўқувчилар давомати ўрганилди. Ўрганишлар давомида ўқув машғулотларига сабабсиз қатнашмаётган ёки мунтазам дарс қолдираётган ўқувчилар аниқланиб, 79 нафар ота-она ва таълим муассасаларининг 16 нафар ўқитувчи-мураббийларига нисбатан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига биноан тегишли чоралар кўрилди.
Бундан ташқари, аҳоли бандлиги масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, 9430 нафар ишсиз ёшлар рўйхати шакллантирилди ва уларнинг бандлигини таъминлаш юзасидан туман ва шаҳар ҳокимликларига тақдимномалар киритилди.
Бир кунлик тадбирлар давомида тўрт нафар қидирувда бўлган шахс ушланди, 600 дан ортиқ ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланиб, маъмурий баённомалар расмийлаштирилди. Ўнлаб жиноятларнинг олди олинди.

Ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар таҳлили асосида жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари ва бунга имкон яратган шарт-шароитларни халққа етказиш, муҳокама қилиш, умумий ўрта ва ўрта-махсус таълимнинг мажбурийлигини тушунтириш мақсадида маҳаллаларда, таълим муассасаларида, корхона ва ташкилотларда 1300 га яқин учрашув, давра суҳбатлари ўтказилди.
Бу тадбирларга ота-оналар, маҳаллаларда истиқомат қилувчи ишсизлар, узоқ муддатга хорижга чиқиб кетиб, яшаш манзилига қайтиб келганлар, уюшмаган ёшлар, профилактик ҳисобда турган ва жиноят содир этишга мойил шахслар таклиф этилди. 

Жиноят ишлари бўйича судьялар, туман ва шаҳар прокурорлари, ички ишлар бўлимлари бошлиқлари ва бошқа масъул шахслар содир этилган жиноятларнинг келиб чиқиш омиллари ва оқибатлари ҳақида маълумот берди. Келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида оила, маҳалла, таълим муассасалари, корхона ва ташкилотларда эътибор қаратиш лозим бўлган масалалар қайд этилди. 
Таълим муассасаларида ўқувчилар билан ўтказилган учрашувларга уларнинг ота-оналари ҳам чақиртирилиб, вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида содир этилган жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари, оқибатлари тушунтирилди.
Жумладан, Каттақўрғон тумани Яккабоғ маҳалла фуқаролар йиғинида Полвонтепа ва Яккабоғ маҳаллалари аҳолиси билан ўтказилган учрашувда туман ҳокими, туман прокурори ва ички ишлар бўлими бошлиғи ҳудудда содир этилган жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик ҳолатларини таҳлил қилиб, уларни келтириб чиқарган омиллар ҳақида сўз юритди. Маҳаллалардаги нотинч оилалар, профилактик ҳисобда турувчи шахслар билан суҳбатлашиб, уларни қийнаётган муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилди. 
F.ҲАСАНОВ.


Исм:*
E-Mail:
Изох:
Кодни киритинг: *
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив