Охирги янгиликлар

Қишлоқда чиқинди ташлаш жойи зарур Жамият

Яқинда Ургут туманидаги Мўминобод маҳалласида айнан чиқинди сабаб уч-тўрт оила ўртасида келишмовчилик юзага келди. Гап шундаки, хонадонларда тўпланган чиқиндилар шу ҳудудни кесиб ўтган сойга ташланаркан. Маҳалланинг қуйи қисмида яшовчилар эса баҳор келиб, қорлар эрий бошлагач, шу сойдан оқадиган сувдан фойдаланишади. Икки ўртада юзага келган вазият чиқиндини бошқа сойга ташлашга келишув билан ниҳоясига етди.
Маҳалла вакиллари билан суҳбатлашарканмиз, сой сувидан яқин-яқингача ҳатто истеъмол учун фойдаланилгани, бошқа белгиланган жой йўқлиги туфайли унга чиқинди ташланишига амин бўлдик. Билишимизча, маҳаллага сўнгги марта беш йил олдин (унда ҳам мактабга) чиқинди ташлаш масаласида туман ободонлаштириш бўлими вакиллари келган. Аммо ҳеч қандай ўзгариш бўлмаган. Шундан буёғига яна барча ўз билганича иш тутмоқда. Бу эса ҳозирча на туман ободонлаштириш бўлимини, на туман давлат санитария-эпидемиология марказини ва на табиатни муҳофаза қилиш инспекциясини ташвишга солади.

Вазирлар Маҳкамасининг "Республика аҳоли пунктларида санитария жиҳатдан тозалаш тизимини ривожлантириш ва такомиллаштириш" тўғрисидаги қарори эълон қилинганига уч йилдан ошди. Унга кўра, ҳар бир аҳоли пунктида, жумладан, қишлоқ ҳудудларида чиқинди ташлаш жойлари ташкил этиш, мавжуд чиқиндиларни белгиланган вақтда ташиб кетиш йўлга қўйилиши лозим эди. Тўғри, мазкур ҳуқуқий ҳужжат асосида Ургут туман ободонлаштириш бўлимида санитар тозалаш участкаси ташкил этилди, график асосида ҳар бир маҳалладан ҳафтада уч марта чиқиндини ташиб кетиш белгиланди. Аммо амалда бугун чиқинди тўплаш ва ташиш туман маркази ва айрим қишлоқлардагина йўлга қўйилган. Унда ҳам чиқинди ҳафтада икки марта ташиб кетилади. Туман марказида 29 та кўпқаватли уйлар мавжуд. Ҳафтада икки марта махсус техника чиқиндиларни олиб кетадиган бўлса, бошқа кунлари кўпқаватли уйларда яшовчилар маиший чиқиндиларни қаерда сақлайди? Туман марказидаги махсус чиқинди ташлаш жойлари сони ҳозирча тўртта бўлиб, бу санитар ҳолатни сақлашда етарли эмас, албатта. 
Афсуски, туман марказининг барча маҳаллаларида ҳам чиқинди ташиш йўлга қўйилмаган. 

– Ҳовлимизда бир ярим ойдан бери тўпланган қаттиқ чиқиндилар битта хонамизни тўлдириб турибди, – дейди Дўстлик маҳалласида яшовчи Мунаввара ая. – Ўтган йиллари чиқиндини ташиб кетиш учун ойда икки марта машиналар келиб турарди. Аммо кейинги вақтда шу ҳам йўқолди. 
Аслида туман ободонлаштириш бўлимида ана шу ишлар учун етарли моддий техник база яратилган. 2016 йилда туман марказида 8х10 метрли алоҳида чиқинди ташлаш жойлари ташкил этилган бўлса, шу йилнинг ўзида тумандаги учта чиқинди тўплаш полигонлари тартибга келтирилиб, махсус автотарози ўртатилди. 2014-2015 йиллар давомида 20 дона махсус чиқинди ташиш машинаси олиб келинди. Тумандаги барча чиқиндиларни олиб чиқиш ва кўмиб ташлаш учун "Илонсой" чиқиндихонаси ташкил этилди. Шунга қарамай, бугун аксарият қишлоқларда на махсус чиқинди ташлаш жойлари ва на уни ташиб кетиш йўлга қўйилган. Бу эса аҳоли турмуш маданияти, атроф-муҳит мусаффолиги, ободонлаштириш борасидаги ишларга соя солиб турибди.
Анвар МУСТАФОҚУЛОВ.