Охирги янгиликлар

Осойишталик учун барча масъул Жамият

Самарқанд шаҳридаги "Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамиятига қарашли соғлиқни сақлаш хизмати бирлашган касалхонасида "Диний экстремизм ва терроризмнинг салбий оқибатлари" мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Унда вилоят ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари, тиббиёт муассасаси ишчи-хизматчилари иштирок этди. 
Тадбирда сўзга чиққанлар диний экстремизм ва терроризм, ақидапарастлик каби иллатларнинг салбий оқибатлари натижасида бугунги кунда дунёнинг турли минтақаларида авж олаётган қарама-қаршиликлар, уларнинг тинчлик, осойишталикка таҳдид солувчи ҳаракатлари ҳақида тўхталди. 
– Бугунги кунда экстремистик ҳаракатга асосланган диний оқимлар ўз фаолият кўламини янада кенгайтириб, глобал даражада намоён бўлаётганлиги дунё мамлакатларига жиддий ташвиш туғдирмоқда, – дейди Самарқанд транспорт прокурори А.Ибрагимов. – Унга қарши курашиш, зарур чораларни кўриш бугуннинг талабидир. Бунинг учун, аввало, доимо огоҳ ва ҳушёр бўлиб, дахлдорлик ҳиси билан яшаш ҳар бир юртдошимизнинг бурчи бўлмоғи лозим.
Тадбирда "Қабоҳатга қўйилган тузоқ" видеофильми намойиш этилди. 
Бахтиёр МУСТАНОВ.