Охирги янгиликлар

Боқий байрам халқларимизни бир мақсадда бирлаштиради Жамият

Юртимизда истиқомат қилаётган турли миллат вакиллари ҳам бугун Наврўз умумхалқ байрамини муносиб қарши олмокда.            Жумладан, озарбайжон миллатига мансуб беш мингга яқин юртдошимиз ягона оилага  бирлашган ҳолда баҳорнинг илк кунини миллий урф-одатларга мос равишда кутиб олишяпти. 
– Республикамизда барча миллат вакилларининг тинч яшаб, меҳнат қилишлари учун кенг имкониятлар яратилган, – дейди вилоят Озарбайжон миллий маданий маркази раиси Адил Мурзоев. – Буни вилоятимизда истиқомат қилаётган озарбайжонлар ҳаётидан ҳам кўриш мумкин. Ҳар йили Наврўз, Мустақиллик байрамларини, шунингдек, халқ сайилларини биргаликда нишонлаяпмиз. Айниқса, бу йил баҳор айёми – Наврўзни ўзгача руҳда кутиб олишга тайёргарлик кўрилмоқда. Самарқанд шаҳридаги Мустақиллик кўчасида ташкил этиладиган сайилда озарбайжон миллий таомларини, урф-одатлари ва маданиятини намойиш этамиз. 

Байрам дастурхонидан буғдойдан ундирилган, деҳқончилик тимсоли бўлган "самани" жой олади. Шунингдек, шакарбура, бодомбура, шўрчурак, паҳлава каби етти хилдаги ширинликлар, озарбайжонча шоҳпалов, лаванги, дўлма, гўштли ва балиқли таомлар тайёрланади.
– Озарбайжонларда қишнинг февраль, март ойларининг 21 мартгача бўлган ҳар чоршанбаси рамзий маънода ер, шамол, сув ва олов дея номланади, – дейди Самарқанд шаҳридаги Янгиработ маҳалласида яшовчи 80 ёшли Абдул Алиев. – Бу номланиш ўзига хос тарзда деҳқончилик, поклик, яшиллик, йилнинг тўкин-сочин келишини англатади. Қадимий урф-одатларимизни ёшларимизга ҳам ўргатиб, уларни тилимиз ва маданиятимизни унутмасликка ундаб келаяпмиз.

Марказ вакиллари байрам муносабати билан Самарқанд шаҳрида ва туманларда дўстлик учрашувларини ўтказмоқда. Турли миллат вакиллари ўртасида "Биз сенинг фарзандларингмиз, жонажон Ўзбекистон!" шиори остида шахмат-шашка, стол тенниси каби спорт мусобақалари уюштирилмоқда.
Марказ қошидаги Х.Гасанов раҳбарлигидаги миллий чолғу ансамбли ҳамда "Озарбайжон қизлари" ашула ва рақс гуруҳлари иштирокида концерт дастури намойиш этилади. Ёш, иқтидорли санъаткор Рандир Юсупов томонидан нафақат озарбайжон, балки қардош халқларнинг ҳам миллий қўшиқлари ижро этилади.
Байрам арафасида марказ фаоллари уруш ва меҳнат фахрийлари, ногиронлар, якка-ёлғизлар ҳолидан хабар олиб, уларга ижтимоий ёрдам кўрсатилади. Кам таъминланган оила фарзандларига кийим-кечак ва озиқ-овқат маҳсулотлари берилади. 
Дилмурод ТЎХТАЕВ.