Охирги янгиликлар

Халқ билан мулоқот учун муҳит яратилди Жамият / Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили

Ҳар қандай жараён муайян бир муҳитда содир бўлади. Бунда унинг миқёси эмас, балки ҳомила ва ҳосиланинг баркамол бўлиши учун яратилган шарт-шароитнинг беқиёслиги асосий омил саналади. Сабаби, жараённинг бошланиши учун муҳитнинг ҳажми аҳамият касб этмайди: у митти ҳам, катта  ҳам бўлиши мумкин. Бироқ бу саҳнда ҳаракатланиш эркинлиги таъминланган бўлмоғи ёки ижобий натижага эришиш зарурати ҳукм суриши шарт. 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг "Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида"ги Фармони ва унда белгиланган вазифаларга, шубҳасиз, табиий давр талаби ҳамда ижтимоий зарурат маҳсули деб қараш керак. Зеро, у мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки кунларидан бошланган, йигирма беш йиллик тарихга эга бўлган туб ислоҳотлар жараёнини янги сифат босқичига кўтариш, шиддат билан янгиланиб бораётган тарихий жараёнларда юрт равнақи ва халқ фаровонлигига эришмоқнинг концептуал дастури сифатида аҳамиятга молик.

Ҳуқуқ ва эркинликларимиз кафолати бўлмиш Бош Қомусимизнинг 1-моддасида "Давлатнинг манбаи халқ" дейилган. Унда инсон шаъни, қадр-қиммати – энг олий қадрият, инсон омили бош масала экани қонун йўли билан кафолатланган. Шундай экан, ҳар қандай улуғвор мақсадлар, аввало, инсон манфаатларига қаратилгани билан аҳамиятлидир.  
Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан жойларда иш бошлаган Халқ қабулхоналари юқорида таъкидланган вазифаларни оғишмай амалга оширишнинг таянч нуқтаси, ҳокимият органлари ва халқ ўртасида ишонч кўприги бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз. Башарти, икки ўртада ўзаро ишонч ва ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўймай, шахд билан олдга олға силжиш ҳақида сўз юритиб бўлмайди. 
Ҳокимият органлари ва халқ – амалдор тўралар ва оддий фуқаро ўртасидаги муносабатлар қадимий мавзу. Зотан, Навоий ҳазратлари ҳам ўз вақтида, буюк Темур Соҳибқирон тузиб кетган салтанатни мустаҳкамлаш омилларидан бири, раиятнинг арзига қулоқ солиш, унинг муаммоларини мухтасар қилмоқдан иборат эканини қайд этган. Ўша даврнинг ҳукмрон доираларига мурожаат қилиб: "Фуқароким, арз билан қошингизга келдими, билингки, унинг кўнглида дард бор: арзини эътибор гўши билан тинглаб, дардини адл суви билан ювиб, аритмоғингиз лозим!", деб марҳамат қилган.

Айтиш жоизки, Халқ қабулхоналари жамиятни демократик янгилаш, мамлакатимизни ҳар жиҳатдан ривожлантириш йўлида, инсон манфаатларига қаратилган энг устувор вазифаларни белгилаш ва уларнинг ижросини назорат қилиб боришнинг муҳим механизми бўлиши баробарида, биз қурмоқчи бўлаётган эркин фуқаролик жамиятининг тамал тоши ҳисобланади. Қонун олдида барчанинг баробарлиги, ўз фикрини эркин ифода этиш имконияти фуқаролик жамиятининг асосий белгиларидир. 
Тан олиш керакки, кейинги пайтларда аҳоли билан ҳокимият органлари ўртасида муайян узилиш вужудга келгани, аҳоли орасида бошқарув механизмларига ишончсизлик ҳисси пайдо бўла бошлагани айни ҳақиқат. Айрим мансабдор шахсларнинг халқдан ажралиб қолгани, унинг фикри ва қизиқишлари билан ҳисоблашмай қўйганидан ҳам кўз юма олмаймиз.

Сабаби, раҳбар ходим ҳамиша ҳамманинг назарида: мамлакатимизнинг Биринчи Президенти таъкидлаганларидек, уларнинг ҳар бир хатти-ҳаракатларини ҳамма кўриб, кузатиб туради. Шунинг учун ҳам сўз ва амал бирлиги бўлмаса, бундай раҳбар элнинг назаридан қолади. Шахсан ташаббус кўрсатмаса, ҳар жиҳатдан бошқаларга ибрат бўлмаса, аҳолини ўз ортидан эргаштира олмайди. 
Шу жиҳатдан олиб қараганда, Халқ қабулхоналари – фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқарадиган, уларнинг манфаатларини устувор этадиган изчил механизмга асос солди. Унда мурожаат билан келувчилар учун яратилган қулайликлар – ишчанлик муҳити бир тараф, бироқ унинг бошқа афзалликлари ҳақида ҳам тўхталиб ўтмасак бўлмайди. Боиси, халқ ҳамиша бирор-бир маҳкамага мурожаат билан борган.
Баъзида турли катта-кичик мансабдорларнинг қабулхоналарида соатлаб кутиб қолган пайтлари, йиллаб муаммоларига ечим топмаган ҳоллар ҳам кўп бўлган. Чунки у пассив позицияда турган. Халқ қабулхонасида эса бунинг тамоман акси – мурожаат билан келган киши бу жойда ўзини фаол мавқеда ҳис қилади. Арзини эмин-эркин баён этади. Бу шунчаки мулоқотдан иборат бўлиб қолмайди, балки унинг мурожаати расман рўйхатга олинади, сўровига жавоб бериладиган муддатлар ҳақида маълумот тақдим этилади. Ҳар бир мурожаат, уларни таҳлил этиш, холисона ўрганиш ва ечим топиш ишлари устидан қатъий мониторинг, таъбир жоиз бўлса, назорат олиб борилади. 

Халқ қабулхоналарига келаётганларнинг барчаси ҳам арз ва шикоят билан бу масканларга қадам қўймаяпти. Муайян бир соҳага оид фойдали таклиф ва мулоҳазалар билан келаётганлар ҳам талайгина. Кўпдан кўп фикр чиқади, дейишади. Саралаб олинса, асқотиши тайин. 
Энди масаланинг иккинчи бир жиҳатига, шахснинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларини тўла намоён этиши учун давлатимиз томонидан яратилган қулай муҳит, шарт-шароит фуқароларимиз зиммасига қандай масъулиятли вазифаларни юклайди ёки бунда уларнинг иштироки фақатгина мурожаат қилишдан, талаб ва истакларини билдиришдан иборат бўлиб қоладими, деган савол устида ҳам тўхталиб ўтсак. Шубҳасиз бундай эмас. Зотан, ҳар бир ҳуқуқ ва эркинлик замирида шахснинг зиммасидаги бурч ва мажбурият яширинган бўлади. Халқ қабулхоналари ёки электрон ҳукумат порталига қилинадиган мурожаатлар асосли ва ҳаққоний бўлиши шарт. Мурожаатлар шахсий ғараз ва зиддиятлардан холи, бировга атай озор етказиш важидан бўлмаслиги даркор.

Зеро, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган бу дастур ҳар бир фуқаронинг манфаатларини ҳимоя қилиш, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш орқали, пировардида ватан ва халқ равнақига эришишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. 
Хуллас, спорт атамаси билан айтганда, старт берилди. Ўзимизни, ўзлигимизни намоён этиш учун муҳит яратилди, жараён бошланди. Барчамиз бир жамоа бўлиб маррани эгаллаш учун муайян масофани босиб ўтишимиз лозим. Бир-бировни қўллаш, бирдамлик мана шундай вазиятларда қўл келади. 

Алқисса, маррани барчамиз баҳамжиҳат, бир тану бир жон бўлиб қўлга киритишимиз мумкин – жорий йилнинг "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили", деб номланишида, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган беш асосий тамойил замирида мана шундай маъно мужассам.

Худоёр МАМАТОВ,
вилоят адлия
бошқармаси бошлиғи.