Охирги янгиликлар

Халқ дардини тинглаб Жамият / Газета ва газетхон / Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили

Паст Дарғом тумани Халқ қабулхонасига бўлаётган мурожаатлар мазмунидан 350 минг аҳоли истиқомат қиладиган туманда алоҳида эътибор талаб этадиган масалалар талайгина эканлиги ойдинлашди. 
Жума шаҳри, С.Урдашев кўчаси 1-уйда жойлашган Халқ қабулхонасида бўлганимизда, арзи ҳол билан келганлар орасида ёшлар ҳам, кексалар ҳам борлигини кўрдик. 4-5 ёшлардаги боласини етаклаб, кутиш залига кириб келган аёлни суҳбатга тортиб, Халқ қабулхонасига қайси масалада мурожаат қилаётгани билан қизиқдик. 

– Боламнинг кўриш қобилияти паст, шифокорлар ҳозир даволатмасангиз, касали зўрайиб кетади, дейишяпти. Лекин ўғлимни даволатгани маблағимиз йўқ. Маҳалладан ёрдам пули оламиз, рўзғор харажатларидан ортмайди. Муаммога ечим тополмай, шу ерга келдим, – дейди у. 
Аёлнинг мурожаати Халқ қабулхонасида қандай ечим топади? Масаланинг бир учи маҳаллага бориб тақалгани боис бу мазмундаги мурожаатлар оғзаки қабул қилиниб, далолатнома тузилгач, тегишли маҳаллага билдирилади. Кўп ҳолларда бундай масалалар ҳомийлик кўмагида ҳал этилади. 

Мулоқотимиз бевосита Халқ қабулхонаси мудирининг хонасида давом этди. 
– Халқ қабулхонасига шу вақтга қадар юридик ва жисмоний шахслардан 145 та мурожаат тушди, – дейди Халқ қабулхонаси мудири Жамол Оқбоев. – Шулардан 125 таси ёзма, 20 таси оғзаки равишда қабул қилинди. Ёзма мурожаатлар тегишлилиги бўйича мутасадди ташкилотларга ижро учун юборилиб, қатор мурожаатлар қисқа фурсат ичида ижобий натижасини топди. Шундай мурожаатлардан бири тумандаги Санчиқул маҳалласида яшовчи М.Маҳмудовадан келиб тушган эди. У Самарқанд қишлоқ хўжалик институтида ўқийдиган қизи Р.Жумаевага таълим кредити ажратишларини сўраб, туман банкларига бир неча марта мурожаат қилган, лекин натижа бўлмаган. Халқ қабулхонасига мурожаат қилганидан сўнг унинг аризаси ижобий ҳал этилиб, Миллий банк томонидан Р.Жумаеванинг ўқиши учун таълим кредити ажратилди. 

Янгиобод маҳалласида яшовчи Н.Нурмуродова туман Халқ қабулхонасига мурожаатида табиий газдан 700 минг сўм қарзи мавжудлиги тўғрисида "Марказгазтаъминот" унитар корхонасининг Паст Дарғом тумани филиалидан огоҳлантириш хати олганини билдиради. Ушбу ҳолат юзасидан текширув ўтказилганда истеъмолчининг газдан қарздорлиги йўқлиги аниқланди. Жума шаҳар Пўлатчи маҳалласида яшовчи ўанишер ўаниевнинг ҳам табиий газдан нореал қарздорлик юзасидан мурожаати ижобий ҳал этилди. 

Халқ қабулхонасига оилавий можаролар юзасидан мурожаат қилаётганлар ҳам кўпчиликни ташкил қилади. Гумбаз маҳалласида истиқомат қилувчи М.Фахриева қайнонаси билан келишмовчилиги сабабли ҳозирда ота-онасининг уйида яшаб келаётгани, оиласини сақлаб қолишда ёрдам сўраб мурожаат қилган. Унинг мурожаати туман хотин-қизлар қўмитасига ижро учун йўлланиб, кўрилган чора-тадбирлар натижасида М. Фахриева фарзандлари билан турмуш ўртоғининг уйига қайтиб, оила яраштирилган. Кичик Найманча маҳалласида яшовчи Д.Мелиеванинг алимент масаласидаги мурожаати ижро учун тегишли идорага юборилди. 

– Халқ қабулхонасига тумандаги қайси маҳаллалардан кўпроқ мурожаат келиб тушаётганига қараб, жойларда сайёр қабуллар ўтказишни режалаштиряпмиз, – дейди Халқ қабулхонаси етакчи мутахассиси Шариф Арипов. – Бу бизга аҳоли билан яқиндан мулоқот қилиш, муаммоларни жойида бартараф этиш имкониятини беради.
Халқ қабулхонасига келиб тушаётган ички ишлар фаолияти, соғлиқни сақлаш тизими, моддий ёрдам, пенсия ва нафақа тўловлари, иш билан таъминлаш, банк, молия масалалари, газ, сув, электр энергияси, йўл қурилиши, уй-жой масаласи, ерга эгалик ҳуқуқига оид шикоят мазмунидаги мурожаатлар тегишли ташкилотлар томонидан белгиланган муддатда ўрганилиб, ўз ечимини топмоқда. 
Зилола ОМОНОВА.

P.S. Ушбу мақоланиқоғозга тушираётганимизда таҳририятимизга туманнинг Гўзалкент шаҳарчасида яшовчи О.Эргашев бир муаммо билан мурожаат қилди.Қуйида муаммони мақола тарзида эътиборингизга ҳавола этамиз. Мақолада кўтарилган масала Паст Дарғом тумани Халқ қабулхонаси масъуллари эътиборидан четда қолмайди, деган умиддамиз.