Охирги янгиликлар

Трамвай бекатларида Жамият

Самарқанд шаҳрида Темир йўл вокзали – Сартепа йўналишида трамвай қатнови йўлга қўйилгач, йўлларнинг қатнов қисмида ушбу транспорт воситасига йўловчилар минадиган ва тушадиган жойлар белгиланиб, пиёдалар йўлаклари чизилди. Аммо йўловчилар ва айрим транспорт воситалари ҳайдовчиларининг ушбу йўлаклардан ўтиш ва трамвайга чиқиш, тушиш қоидалари бўйича етарли тушунчага эга эмаслиги баъзида йўл-транспорт ҳодисаларига сабаб бўлмоқда.
"Йўл ҳаракати қоидалари"нинг тегишли бандларида йўналишли транспорт воситаларида, уларнинг бекатлари олдида пиёда-йўловчи-ҳайдовчиларнинг ҳаракатланиш тартиблари белгилаб берилган. 

Йўл ҳаракати тартибга солинган жойларда пиёдалар тартибга солувчининг ёки пиёдалар светофорларининг, улар бўлмаганда эса транспорт светофорларининг ишораларига амал қилишлари керак.
Йўлнинг қатнов қисмида, шунингдек, пиёдалар ўтиш жойларида ҳаракатланаётган пиёдаларга телефондан фойдаланиш, теле-видео маҳсулотларни кўриш, радио аудиомаҳсулотларни эшитиш, китоб ёки даврий матбуот материалларини ўқиш ҳамда эътиборни чалғитадиган бошқа электрон воситалардан фойдаланиш тақиқланади.
Пиёдалар тўхтаб турган автобус ва троллейбуснинг орқа томонидан, трамвайнинг эса олди томонидан йўлни кесиб ўтишлари шарт.
Ялт-ялт этувчи кўк рангли ёки кўк ва қизил рангли чироқ-маёқчаси ва махсус товушли ишораси ёқилган транспорт воситалари яқинлашиб келаётган бўлса, пиёдалар қатнов қисмидан ўтмасликлари, унда ҳаракатланаётганлари эса бу транспорт воситаларига йўл беришлари ва зудлик билан қатнов қисмини бўшатишлари керак.

Йўловчилар белгиланган йўналишли транспорт воситаларини фақат қатнов қисмидан баланд жойлашган кутиш майдончаларида, улар бўлмаганда эса тротуар ёки йўл ёқасида кутишлари керак. Қатнов қисмидан баланд жойлашган майдончалар билан жиҳозланмаган бекатларда белгиланган йўналишли транспорт воситалари, жумладан, Самарқанд шаҳридаги трамвайлар тўла тўхтагандан сўнг унга чиқиш учун қатнов қисмига чиқишга рухсат этилади. Ундан тушгандан кейин вақт кетказмасдан қатнов қисмини бўшатишлари шарт.

Йўловчиларнинг транспорт воситаларидан тротуар ёки йўл ёқаси томондан тушиши, уларга чиқишнинг иложи бўлмаган ҳолларда, агар бу ҳаракат хавф туғдирмаса ёки бошқа йўл ҳаракати қатнашчиларига халақит бермаса, йўлнинг қатнов қисми томонидан амалга оширилиши мумкин.
Тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойига яқинлашаётган транспорт воситасининг ҳайдовчиси қатнов қисмини кесиб ўтаётган пиёда(лар)ни ўтказиб юбориш учун тезлигини камайтириши ёки тўхташи шарт. Агар тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойи олдида транспорт воситаси ҳаракатини секинлаштирса ёки тўхтаса, қўшни бўлакларда ҳаракатланаётган бошқа ҳайдовчилар бу транспорт воситаси олдида пиёда(лар) йўқлигига ишонч ҳосил қилганларидан сўнггина ҳаракатланишни давом эттиришлари мумкин.

Тартибга солинган пиёдалар ўтиш жойларида ҳайдовчилар светофорнинг рухсат этувчи ишораси ёнган тақдирда ҳам пиёда(лар)га қатнов қисмини шу йўналишда кесиб ўтишни тугаллашига имкон беришлари керак.
Пиёдалар ўтиш жойларидан кейин пайдо бўлган тирбандлик туфайли ҳайдовчи пиёдалар ўтиш жойида тўхташга мажбур бўладиган бўлса, пиёдалар ўтиш жойига кириш тақиқланади.
Барча ҳолларда, шу жумладан, пиёдалар ўтиш жойларидан ташқарида ҳам ҳайдовчи оқ ҳасса билан ишора бераётган кўзи ожиз пиёда(лар)ни ўтказиб юбориши керак.
Бошқа транспорт воситалари ҳайдовчилари йўлнинг қатнов қисмида жойлашган трамвай бекатларида трамвай эшиклари томон бораётган ёки ундан келаётган пиёда(лар)га йўл бериши керак.
И.РАСУЛОВ,
вилоят ИИБ ЙҲХБ рўйхатлаш ва
имтиҳон олиш бўлими бошлиғи,
подполковник.