Охирги янгиликлар

Муҳит ўрганилди, вазифалар белгиланди иш услуби ўзгарадими? Жамият

Маҳалла раиси шу ҳудуднинг ўзида ҳал қилиниши қийинроқ бўлган масала юзасидан бир хонадонга ишчи гуруҳи вакилларини бошлаб борди. Тўрт оила бир ҳовлида истиқомат қилади, уч ўғил, бир қиз оиласи билан ҳамда нафақа ёшидаги ота-она. Уй анча таъмирталаб, томорқа қаровсиз, она анчадан бери касал, парваришга муҳтож. Сўровлардан маълум бўлишича, на ўғиллар ва на келинлар-у қизларнинг қўлида касби, ҳунари бор. Мутасаддилар ишга жойлаштирайлик, деса, касбга қайта ўқитишга ўзлари унамайди. Кредит олишни таклиф этишганда, "унча пулни тўлай олмаймиз", деб жавоб беришади. "Бизга маҳалладан ёрдам пули ажратилсин" – бу уларнинг асосий муддаоси. Вакиллар оилага қандай ёрдам бериш кераклиги ҳақида ўйлаб қолишди. 
Яна бир хонадонга кирамиз. Экинлари гуркираб, дарахтлари гуллаб турган томорқага қараб, кўз қувонади. Ҳовли тўрида икки қават қилиб қурилган ихчамгина оғилхона, юқорисида емиш сақланаркан. Ҳеч қандай ҳашамат йўқ, аммо одмилик ортида меҳнат ҳамда чиройли яшашга бўлган интилиш кўриниб турибди. Хонадон соҳиби меҳмонларга пешвоз чиқаркан, унинг имконияти чекланган эканлиги кўриниб турибди. Айтишича, томорқада ўзи меҳнат қиларкан. Рафиқаси ҳам жисмоний жиҳатдан соғлом одамлардан фарқ қилади, аммо тикувчилик қилиб, рўзғорига фойдаси тегаркан. Уйида шогирдлари бор, уларга касбини ўргатади. Бир фарзандининг оёғида нуқсони бўлгани учун ўқитувчилар уйга келиб таълим беришади. "Муаммомиз йўқ, ҳаммаси жойида!" дейишди хонадоннинг иродали соҳиблари. 

Паст Дарғом туманида бир нечта жамоат ташкилоти вакиллари билан хонадонларда бўлганимизда шу каби оилалар аҳволи билан танишдик. Турли қарашлар, фикрлар, яшаш тарзи… Оилалардаги муҳитни ўрганиш бўйича туманда ташкил этилган штаб фаолияти, йил бошидан бери амалга оширилган ишларни кузатдик. 

– Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили муносабати билан хонадонлардаги ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш жараёнларининг биринчи босқичида ҳар бир оилага кириб бориш, муаммоларини ўрганиш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилди, – дейди Паст Дарғом тумани ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Зиёда Эшмуродова. – Тумандаги 64 мингдан зиёд хонадоннинг 82 фоизи маҳалла фуқаролар йиғинларида ташкил этилган ишчи гуруҳлар, 18 фоизи туман хотин-қизлар қўмитаси, касаба уюшмалари, "Нуроний" жамғармаси, "Камолот" ЁИҲ туман кенгаши томонидан ўрганилди. Ўрганиш натижаларига кўра, 57 мингдан зиёд хонадонда муаммолар аниқланди. Уларнинг олти мингдан ортиғи жойида, маҳаллаларда ҳал этилди. Муаммоларни ҳал қилиш мақсадида ҳар бир маҳалла кесимида туман ҳокимлигининг чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.
Аниқланган муаммолар юзасидан 320 кишининг бандлиги таъминланди. Бир марта бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилди ва 182 нафар фуқаро ишга жойлаштирилди. 

72 нафар фуқарога соғлиғини тиклаш учун санаторийга имтиёзли йўлланма ажратилди. 18 нафар муҳтож фуқароларга протез-ортопедия буюмлари, реабилитация техник воситалари ва кресло аравачалари бепул берилди. Касаба уюшмалари томонидан 120 нафарга яқин фуқарога 21 миллион сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди. 
Ушбу ёрдамни олган оила аъзолари билан суҳбатлашдик, ҳал қилинмаган муаммолар таҳлили билан танишдик. Ҳақиқатан ҳам ҳар бир ташкилот ўз имконияти даражасида муаммоларни бартараф этиш юзасидан ҳаракат қилаётир. Қолаверса, ҳал этилиши лозим бўлган муаммолар юзасидан вилоят, республика миқёсида чора-тадбирлар тузилиши белгиланган. Уларнинг ижроси назоратга олинади ҳам. Аммо оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганишда жамоат ташкилотларининг иштирок этишида ҳам ўзига хос мақсад бор эмасмиди? Ахир ўрганилган масалалар ичида аҳолининг яшаш тарзи, саломатлигига эътибори-ю, маънавий дунёқараши бўйича ҳам олиб борилиши керак бўлган ишлар талайку. Жамоат ташкилотлари мазкур муаммоларни ўрганиб, келгуси фаолиятларида уларнинг ечимига доир вазифаларни белгилаб олдими? 

Оддий мисол. Хонадонлардаги муҳитни ўрганган турли жамоат ташкилотлари вакилларидан аҳолининг томорқа имкониятларидан етарлича фойдаланилмаётгани ҳақида салбий фикрларни эшитдик. "Камолот" ЁИҲ уюшмаган ёшлар билан ишлашда шу ҳолатни ҳисобга олган ҳолда туманларда томорқа имкониятидан фойдаланмаган, 30 ёшгача бўлган оилаларда "Мевали дарахт – оиламиз витамини" номли акция ўтказиши мумкиндир. Бошқа жамоат ташкилотлари ҳам шу каби масалаларда аниқ ташаббус билан чиқиши лозим, назаримизда. Таъбир жоиз бўлса, мазкур ташкилотлар ўз иш услубини ўзгартириши, аҳоли билан ишлашда фақат давра суҳбатлари-ю, учрашувлардан кўра самаралироқ воситадан фойдаланишлари лозимлиги юқоридаги мисоллардан ҳам кўриниб турибди. 

Гулруҳ МЎМИНОВА,
«Зарафшон» мухбири.


Исм:*
E-Mail:
Изох:
Кодни киритинг: *
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив