Охирги янгиликлар

Янгиободга қачон эътибор бўлади? Жамият

"Самарқанд шаҳри ҳудудида Рофе Ҳамроев массиви бор", дейишса, кўпчилик ишонмаса керак. Чунки бундай жой борлигини нафақат оддий одамлар, балки Самарқанд шаҳар ҳокимлиги тасарруфидаги айрим идора ходимлари ҳам билишмайди. Агар билишганида…
Келинг, гапни бошидан бошлайлик. 2007 йилда Самарқанд шаҳар ҳокимлиги томонидан уй-жойга эҳтиёжи бўлган 750 фуқарога иморат қуриш учун Самарқанд шаҳрининг шимоли – аэропорт ҳудудининг юқори қисми, Қорадарёнинг ўнг соҳили томонидан ер участкалари ажратиб берилди. Улар орасида биз ҳам бормиз. Аввалига "Нега дарёнинг нариги томонидан бериляпти? Ахир шаҳар марказида ишласак, фарзандларимиз шу ерда ўқишса, у ердан ишга, ўқишга қандай қатнаймиз?", дедик. "Парво қилманглар, сизлар иморат қуриб олгунингизча, икки-уч йил ичида Қорадарё устида кўприк қурилади, шаҳарга қатнашларингизда муаммо бўлмайди", дейишди.

Ишондик. Икки йил ичида ўн-ўн беш оила уй-жой қуриб, янги участкага кўчиб ўтдик. Уч-тўрт йилдан сўнг эса имконияти бўлган элликдан зиёд оила ер участкасида уй-жой кўтаришди. Умуман, бугунгача Рофе Ҳамроев массивининг Янгиобод деб номланувчи гузаримизда 135 хонадон бўлиб, 687 нафар аҳоли истиқомат қилади. Аммо қолган аксарият ер участкалари бўш ётибди.
Бунинг сабаби ҳанузгача Қорадарё устида кўприк қурилиши бўйича ҳеч қандай амалий иш қилинмагани ва оқибатда одамларнинг ҳафсаласи пир бўлганида. Чунки бугунги кунда гузаримизга Оқдарё тумани Бошдархон қишлоғи орқали айланиб ўтиб келинади. Бу – кўприк бўлганида шаҳар марказигача 3 километр бўлса, айни пайтда Бошдархон орқали 17 километр масофа, дегани. Энди ўйланг, биз рўзғорга керакли маҳсулот харид қилиш учун ёки тиббий ёрдамга муҳтож бўлсак, шаҳаргача шунча масофани босиб ўтишга мажбурмиз. Гузаримизда на табиий газ, на ичимлик суви, на маҳалла маркази, на кичик бўлса-да, тиббиёт пункти бор.

Ўтган йили шаҳар ҳокимлиги гузаримизга 2017 йил 1 январидан бошлаб жамоат транспорти қатнови йўлга қўйилишини маълум қилганди. Бироқ бу масала ҳам ҳал этилмади. Ҳозирда йўловчи транспортига чиқишимиз учун қўшни қишлоққача 1,5-2 километр пиёда юришимизга тўғри келяпти.
Гузаримизда ер участкалари бўш ётгани боис Бошдархон қишлоғи аҳолиси чорва молларини шу ерда боқишади. Шу атрофда яшовчи қишлоқлар аҳолиси ҳам чиқиндини бизнинг ҳудудга келтириб тўкишади.
Агар Қорадарё устида кўприк қурилса, массивимиздаги ер участкаси эгалари кўчиб келади, аҳоли сони ошади ва барча муаммолар ўз-ўзидан ҳал бўлади. Шу боис бу борада мутасадди идора раҳбарларидан амалий кўмак кутамиз.
Г.МАНСУРОВА, П.СУЛТОНОВ, Д.СИРОЖЕВА,
жами 12 фуқаро,
Самарқанд шаҳри.