Охирги янгиликлар

Самарқандда "сайёҳлар шаҳарчаси" бўлади Жамият

Жорий йилнинг 14-15 апрель кунлари давлатимиз раҳбари вилоятимизга ташрифи чоғида 2017-2021 йилларда туризм инфратузилмасини янада ривожлантириш юзасидан тайёрланган лойиҳалар, хусусан, "Алпомиш" заводи ўрнида барпо этиладиган "Samarkand city" эркин сайёҳлик  ҳудуди тақдимоти билан танишиб, тегишли кўрсатмалар берди. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳудудий бошқармаси бошлиғи Илҳом Сувонов билан шу ҳақда суҳбатлашдик. 
– Туризм иқтисодиётнинг стратегик тармоғи сифатида мамлакат тараққиётини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Самарқандда эса туризмни ривожлантириш бўйича улкан имкониятлар мавжуд. Амалга оширилаётган ишлар ана шу имкониятлардан самарали фойдаланишга қаратилган. 
Хўш, "Samarkand city" эркин сайёҳлик ҳудудини барпо этишдан қандай мақсад кўзланган, бунга қандай эҳтиёж бор? Тўғрисини айтиш керак, айни вақтда Самарқандда сайёҳларга кечаси хизмат кўрсатадиган шохобчалар йўқ ҳисоби, борларида ҳам хорижий тилда сўзлашувчи хизмат кўрсатувчиларни топиш амримаҳол. Ёки сайёҳлар учун дам олиш мумкин бўлган жойларни ҳам кўрсатиш қийин. Давлатимиз раҳбари Бухоро вилоятига ташрифидаёқ сайёҳларга кечаю кундуз хизмат кўрсатадиган ҳудудлар барпо этиш, уларга барча шароитларни яратиш ҳақида гапирган эди. Бу бекорга эмас-да.

Бошқармамиз томонидан доимий тарзда сайёҳларнинг фикрлари ўрганиб борилади. Ушбу ўрганишларда ҳам туристик инфратузилманинг яхши ривожланмагани, айниқса, 24 соатлик хизмат кўрсатиш тизими мавжуд эмаслиги таъкидланган.  
– Демак, эркин сайёҳлик ҳудуди орқали ана шу ноқулайликлар бартараф этилади…
–  Бу жуда улкан лойиҳа бўлиб, сайёҳларга нима керак бўлса, барчаси назарда тутилган. Ҳудудда 4 ва 5 юлдузли бешта янги меҳмонхона, ресторанлар, аквапарк, истироҳат боғлари, павильонлар, савдо марказлари ва турли кўнгилочар масканлар қурилади. 
Таъкидлаш лозим, сайёҳларга уларнинг келиш географиясига қараб, шунга мос тарзда шароит яратиш борасида биринчи марта ана шундай кенг кўламли иш бажарилмоқда. 

Мисол учун, Самарқандга келган сайёҳ агар европалик бўлса, европа услубидаги, арабзабон бўлса, арабча услубдаги, Шарқий Осиё вакили бўлса, шунга мос меҳмонхонага жойлашиш имкониятига эга бўлади. Янги меҳмонхоналар ана шундай тарзда қурилади. Шунингдек, ўзбекона маданиятга  қизиққан сайёҳлар миллий услубда қурилган ва ўзимизнинг анъаналар асосида хизмат кўрсатиладиган меҳмонхоналарга жойлашишлари мумкин. Мисол учун, ўзбекона меҳмонхонада тут ва узумзор (войиш) соясида жойлашган каравотларда, атлас кўрпачаларда ёнбошлаб, чой ва миллий таомларимиздан татиган сайёҳ Самарқандда ҳеч бўлмаганда бир неча кун қолишни исташи табиий. 
Айтайлик, бизда замонавий меҳмонхоналарнинг барчаси Европа услубида қурилган бўлиб, Европадан келган сайёҳ ҳам айнан европача меҳмонхоналарда яшашга мажбур эди. Энди эса танлаш имконияти жуда юқори бўлади. 

Шунингдек, сайёҳларга илгари фақат бир неча турдаги европача таом ва ўзимизнинг миллий таомлар таклиф этиларди. "Samarkand city" эркин сайёҳлик ҳудудида бутун дунёдаги бренд таомлар тайёрланади. Ресторанлардан тортиб енгил нонуштага мослашган шохобчаларгача бир неча хорижий тилларда сўзлашадиган хизмат кўрсатувчилар фаолият кўрсатади. Биринчи марта болалар учун алоҳида майдонча ва ўйингоҳлар ташкил этилмоқда.

– "Samarkand city" қачон ишга тушади? 
– Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки томонидан жалб қилинадиган инвесторлар кўмагида барпо этилаётган эркин сайёҳлик ҳудуди 2017-2019 йилларда қуриб битказилади. Бу ерда камида 600 та иш ўрни яратилади. 
Айтиш лозимки, кадрлар ҳозирдан тайёрлаб борилади. Чунки саёҳларга юқори сифатли, замонавий хизмат кўрсатиш яратилган шароитлар билан бирга, кадрлар билим ва малакасига ҳам боғлиқ. Бу борада Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти ҳамда Самарқанд озиқ-овқат, Сартепа туризм ва маиший хизмат касб-ҳунар коллежлари билан ҳам ҳамкорлик йўлга қўйилади.
Бир сўз билан айтганда, "Samarkand city" эркин сайёҳлик ҳудуди сайёҳлар шаҳарчаси бўлади. Бу ерда ҳатто тиббий хизматлар ҳам хорижий тилларда сўзлашувчи кадрлар ёрдамида амалга оширилади. Бу эса Самарқандга сайёҳлар оқимини кескин ошириши шубҳасиз.
Анвар МУСТАФОҚУЛОВ
суҳбатлашди.