Охирги янгиликлар

Ҳар бир мурожаат эътиборда Жамият / Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили

Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси вилоят бошқармасида йил бошидан буён 936 мурожаат қайд этилган. Шундан 146 таси ижро этувчи аппарат номига, 26 таси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар орқали, 425 таси Ўзбекистон Республикаси Президенти Виртуал қабулхонаси орқали, 94 таси Бош прокуратура орқали келиб тушган. Бошқарманинг "Ишонч телефони"га 168 савол билдирилган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари орқали 14 та, вилоят ҳокимлигидан 30 та шикоят ўрганиб чиқиш учун юборилган. 

– Фуқаролар мурожаатлари мутахассислар томонидан қонуний асосларда ўрганиб чиқилмоқда, – дейди пенсия жамғармаси вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари Анвар Юсупов. – Белгиланган муддатларда ижроси таъминланиб, муаллифларига жавоб берилмоқда. Мурожаатлар асосан пенсия миқдори оширилиши, пенсия ва нафақалар тўлови, имтиёзли шартларда пенсия тайинлаш масаласида билдирилмоқда. 
Шунингдек, бошқа ижтимоий муаммолар ҳам бор. Шикоятларни мазмунан ўрганиш натижалари таҳлил қилинганда, Самарқанд шаҳар ҳудудида фуқароларнинг хусусий фирмалар ва қурилиш ташкилотларида ишлаган меҳнат стажлари ва даромадларини тақдим эта олмаслиги натижасида пенсия миқдорлари кам ҳисобланаётганлигидан, Паст Дарғом, Каттақўрғон ва Ургут туманларида жамоа хўжаликларида ишлаган даврлари тўғрисидаги маълумотлар архивда сақланмаётганлиги ёки мавжудларида ҳам суғурта бадаллари ва меҳнат минимумлари тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилмаганлиги юзасидан норозилиги аниқланмоқда.

Масалан, Паст Дарғом тумани Чархин қўрғончасида яшовчи Ф.Тоирова онаси Ф.Ўразованинг пенсия пулидан ишлаб турган пенсионер сифатида 50 фоиздан ушланаётганлиги ҳақида мурожаат қилди. Унинг аризаси мутахассисларимиз томонидан ўрганилди ва туман давлат солиқ инспекцияси ҳамда "Ягона дарча" марказидан олинган маълумотлар асосида Ф.Тоировага тушунтириш берилиб, масала ҳал этилди. 
Мурожаатларни камайтириш мақсадида ариза тушаётган ҳудудда ва тез-тез такрорланаётган саволлар тўғрисидаги маълумотлар таҳлил қилинмоқда. Ҳафтанинг чоршанба ва шанба кунлари туманлардаги, маҳаллаларда бошқарманинг масъул ходимлари сайёр қабул ва мулоқотлар ташкил этмоқда.
У.СИРОЖЕВ.