Охирги янгиликлар

Одамийликнинг олий мезони Жамият / Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили

Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган Халқ қабулхоналари аҳоли билан мулоқотнинг замонавий ва  самарали механизмини йўлга қўйиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни сифат жиҳатидан тубдан яхшилаш, инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоялашга хизмат қилмоқда. 
Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 28 декабрдаги "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони бу борада муҳим дастуруламал бўлаётир. 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ургут туманидаги Халқ қабулхонаси туман марказида, аҳоли учун қулай ҳудудда жойлашган. Бу ерда юридик ва жисмоний шахсларни қабул қилиш, улар билан суҳбатлашиш, ариза ва шикоятларни ёзиш, қайд этиш учун барча шароит яратилган. Она ва бола, тиббиёт хоналари ишлаб турибди. Аҳолидан мурожаатларни қабул қилиш, улар билан суҳбатлашиш ва муаммоларга шу ернинг ўзида ечим топиш мақсадида ҳокимлик ва бошқа идоралар масъул ходимларининг кунлик навбатчилиги йўлга қўйилган. Ҳафтанинг муайян кунларида туман ҳокими, прокурори ва бошқа масъул раҳбарлар фуқароларни шу ерда қабул қилади.

– Қабулхона фаолият бошлаганидан буён 20 июнга қадар 430 мурожаат қайд этилди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ургут туманидаги Халқ қабулхонаси мудири Акбар Тўйчиев. – Уларнинг 365 таси ёзма, қолгани оғзаки мурожаатлардир. Ҳозиргача уларнинг 105 таси қаноатлантирилди, 160 таси бўйича фуқароларга тушунтириш берилди. Қолган мурожаатлар ўрганиш жараёнида ва улар бўйича ҳам қонунчиликда белгиланган муддатларда жавоб қайтарилмоқда.

Мурожаатлар таҳлили жойларда аҳолини уй-жой билан таъминлаш, ер ажратиш, моддий ёрдам кўрсатиш, суд-ижро фаолиятига оид муаммолар кўплигини кўрсатмоқда. Банкдан кредит ажратилишида юзага келаётган оворагарчиликлар билан боғлиқ шикоятлар ҳам кўп. Таҳлиллар натижаси мутасадди идоралар раҳбарлари билан муҳокама қилиниб, камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилаётир. Маҳаллаларда туман ҳокими, прокурори, ички ишлар бўлими бошлиғи ва бошқа раҳбарлар билан ўтказилаётган сайёр қабулларда аҳолини ўйлантираётган масалалар жойида ҳал этилмоқда. Айни пайтга қадар ўнга яқин маҳаллада ана шундай қабуллар ташкил этилиб, аҳолининг 30 дан ортиқ мурожаати жойида ҳал этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати масъул ходимлари иштирокида ўтказилган сайёр қабулларда ҳам ургутликларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Виртуал қабулхонасига йўлланган 43 мурожаати кўриб чиқилиб, ижобий ечимини топди.
– Турмуш ўртоғим фарзандимиз учун алимент тўламай қўйганидан кейин Халқ қабулхонасига мурожаат қилишга мажбур бўлдим, – дейди А.Алиқулова. – Улар муаммони қисқа вақтда бартараф этиб, 10 миллион 337 минг сўм маблағни ундириб беришди. Халқ қабулхонаси одамларнинг дардини эшитиш, оғирини енгил қилишда энг яқин кўмакчи бўлаётганидан миннатдормиз.

Барча даражадаги давлат органлари фаолиятида "Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак" деган тамойилни амалда қарор топтириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш мақсадида ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш, уларнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоялашга хизмат қилмоқда.
F.ҲАСАНОВ,
Ж.НАБИЕВ (фото).