Охирги янгиликлар

Пенсия ва нафақаларни тарқатишда янги тизим Жамият

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 мартдаги "Пенсия ва нафақаларни тўлаш механизмини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан Халқ банки пенсия ва нафақаларни тўлаш бўйича ягона ваколатли банкка айланди.
Эндиликда пенсия ва нафақалар пенсионерларнинг ўзлари истиқомат қиладиган маҳалла ҳудудидаги махсус кассаларда нақд пул шаклида тарқатиб келинмоқда. 
– Жорий йил 1 июлидан бошлаб пенсия ва нафақалар фақат Халқ банки шохобчалари орқали қатъий тартибда нақд пулда тарқатилмоқда, – дейди бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси вилоят бошқармаси бўлим бошлиғи Абдурашид Раҳимов. – Бунинг учун вилоятдаги 1093 маҳаллада 205 та сайёр кассалар ташкил этилди, пенсия ва нафақаларни тарқатиш учун Халқ банкига 52 та "Дамас" автомашинаси ажратилди. Бунда ҳудуднинг катталиги ва пенсионерлар сонига кўра автомашина ва ходимлар ажратилади. Масалан, Самарқанд шаҳрида 9 та автомашина ва 30 та сайёр касса ташкил этилди. Паст Дарғом туманида эса 5 та "Дамас", 19 та сайёр кассада 38 нафар кассир-ҳисобчи пенсия ва нафақаларни тарқатишга жалб этилган. 

Халқ банки томонидан биринчи навбатда саломатлиги оғир аҳволдаги беморлар, жисмоний имконияти чекланган ва 80 ёшдан ошган қарияларнинг пенсия ва нафақа пулларини уйларига олиб боришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 
– Президентимиз қарорига асосан, дастлаб Каттақўрғон шаҳрида пенсия ва нафақаларни Халқ банки филиаллари орқали тарқатила бошланди, – дейди акциядорлик тижорат Халқ банки вилоят филиали бўлим бошлиғи Фарҳод Шакаров. – Май ойидан эса вилоятнинг Ургут, Қўшработ ва Тойлоқ туманларида пенсияларни тарқатиш бошланганди. Июлдан эътиборан эса вилоятнинг қолган барча туманларида ҳам пенсия тўловлари Халқ банки томонидан тарқатилиши йўлга қўйилди. Пенсия ва нафақа пулларини тарқатиш учун 410 нафар ходим жалб этилди. Улар вилоятимиздаги 316 минг 629 нафар пенсионерга талаб этиладиган 136 миллиард 565 миллион сўм маблағни ойнинг 5-чи санасидан бошлаб тарқатади. Ойнинг 27-санасигача пенсиялар тўлиқ эгаларига етказилади.  

Яна шуни ҳам айтиш керакки, нафақахўрларга қулайлик яратиш мақсадида бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси томонидан йил сўнгига қадар пенсиялар учун тўлов ва молиялаштириш кунлари он-лайн тарзда СМС хабар тизимига ўтказиш режалаштирилган. 
Пенсия пулларининг тарқатилишида юзага келадиган муаммо ва шикоятларни ўз вақтида бартараф этиш юзасидан фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилиш бўйича 1106 қисқа рақамли ишонч телефони ва акциядорлик тижорат Халқ банки вилоят филиалининг 237-86-06 рақамли ишонч телефони ташкил этилди. Эндиликда пенсионерлар нафақаларини олишда юзага келиши мумкин бўлган ҳар қандай муаммо ҳақида ушбу қисқа рақамлар орқали мурожаат қилишлари мумкин. 
Убайдулла СИРОЖЕВ. 
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.


Reklama huquqi asosida