Охирги янгиликлар

Паспорт бўлинмаси фаолияти туман аҳолисини мамнун этяпти Жамият

Фуқароларнинг шахсини аниқлаш ва ҳақ-ҳуқуқларини амалдаги қонунлар билан ҳимоя қилишда фуқаролик паспорти муҳим ўрин тутади. Инсон ва унинг ҳуқуқлари устувор экани ана шу ҳужжатда акс этган. Ички ишлар идоралари тизимида аҳолининг энг кўп мурожаат этадиган соҳаларидан бири хорижга чиқиш-келиш ва фуқароликни расмийлаштириш хизмати ҳисобланади. Айниқса, кейинги йилларда фуқароларга халқаро андазаларга мос биометрик паспорт бериш жараёни изчил давом этаётгани эътиборга моликдир.
Нуробод тумани ИИБ паспорт бўлинмасида мурожаат этувчилар учун барча шарт-шароит яратилган. Биометрик маълумотларни йиғиш хонаси, кутиш заллари жиҳозлар билан тўлиқ таъминланган.
– Аҳолининг паспорт тартиботи борасидаги саводхонлигини янада ошириш ҳам бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади, – дейди Нуробод туман ИИБ паспорт бўлинмаси бошлиғи Абдурафиқ Жабборов. – Бўлинмамиз ходимлари ҳар пайшанба – профилактика куни тадбирларида фаол қатнашиб, профилактика инспекторлари, маҳалла ва жамоатчилик вакиллари билан биргаликда жойларда фуқаролар билан учрашувлар ташкил этмоқда. Тадбирларда биометрик паспортнинг аҳамияти, уни асраб-авайлаш, амалдаги тартиб-қоидаларга риоя этиш зарурлиги аҳолига тушунтирилмоқда.

Шунингдек, бўлинма ходимлари жорий йил мобайнида бошқа ҳуқуқ-тартибот органлари билан ҳамкорликда "Тозалаш-антитеррор" ва "Паспорт-виза" тадбирларида фаол қатнашиб, ҳудудларда ўз йўналишлари бўйича текширувлар ўтказди. Аниқланган қоидабузарликлар юзасидан маъмурий баённомалар тузилиб, айбдорларга нисбатан қонунда кўзда тутилган чоралар қўлланилди.
Бир сўз билан айтганда, туман ИИБ паспорт бўлинмаси ходимлари мурожаат этувчиларнинг кўнглидан чиқиб, хизмат кўрсатмоқда. Бугунги кунда 138 мингдан кўпроқ аҳолининг 71 фоизи биометрик паспорт билан таъминланганлиги бу борада ишлар самарали олиб борилаётганлигидан далолатдир.
Ҳошим ОРЗИҚУЛОВ.