Охирги янгиликлар

Ёшларни гиёҳвандликдан асраш зарур Жамият

Ҳозирги кунда наркотик моддаларнинг ноқонуний айланиши глобал характер касб этиб, гиёҳвандлик асримиз вабоси сифатида бутун дунё аҳлига жиддий хавф солмоқда. Наркотиклар инсоният учун ядро қуроли ва глобал экологик ҳалокатлардан кейинги ўринда турувчи хавф ҳисобланади. Шу сабабли ҳам охирги вақтларда гиёҳвандликнинг олдини олиш ҳамда гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний тарқалишига қарши кураш дунё бўйича глобал муаммога айланиб бормоқда. 
Наркотик моддаларни истеъмол қилиш инсонга неча минг йиллардан буён аён бўлса-да, ҳеч қачон бугунгидай ўткир муаммога айланмаган. Жумладан, наркотиклар халқаро террор ва диний ақидапарастликнинг илдизига сув қуяётганлиги ҳаммага маълум. Жаҳон ҳамжамиятини бундай иллатга қарши курашга бирлаштириш мақсадида 1987 йилда БМТ томонидан "26 июнь – Бутунжаҳон гиёҳвандликка қарши кураш куни" деб эълон қилинди. 

Гиёҳвандлик дунё бўйича асосан ёшлар муаммоси ҳисобланади. Шу сабабли улар орасида, айниқса, вояга етмаганлар орасида гиёҳвандлик тарқалишининг олдини олиш механизмини тизимли таҳлил қилиш куннинг долзарб масалаларидан бирига айланган. Зеро, гиёҳвандлик муаммоси бутунжаҳон халқлари ривожланишига тўсқинлик қилаётгани, инсонлар генофондига салбий таъсир этаётганлиги ҳеч кимга сир эмас.
Шу сабабли, вояга етмаганлар орасида гиёҳвандликнинг олдини олиш, унинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш ва шу орқали бартараф этиш инсоният олдида турган муаммолардан бири ҳисобланади. Чунки бундай иллатнинг кенг тарқалиши жиноятчиликнинг авж олиши, иқтисодиётнинг издан чиқиши, аҳоли ўртасида норозилик кайфиятининг кучайиши ҳамда мамлакатда барқарорликнинг йўқолишига олиб келади.

Аммо мамлакатимизнинг баъзи ҳудудларида вояга етмаганлар орасида ҳуқуқий-тарбиявий, маънавий-ахлоқий ишларнинг сусайтириб юборилганлиги, улар устидан назоратнинг бўшаштирилганлиги, ёшларнинг бўш вақтларидан самарали фойдаланиш кўникмаларининг талаб даражасида шакллантирилмаганлиги, иш билан таъминлаш ва шунга ўхшаш муаммолар қониқарли даражада ҳал этилмаганлиги сабабли баъзи ёшларнинг гиёҳвандлик, ичкиликбозликка ружу қўяётганлиги, диний ақидапарастлар ёки турли зарарли оқимлар, гypyҳлap таъсирига тушиб қолаётганлигининг гувоҳи бўлишимиз мумкин. 

Вояга етмаганлар орасида гиёҳвандликнинг тарқалишига оилавий тарбиядаги, мактаб тарбиясидаги салбий омиллар, иш билан таъминлаш ва меҳнат тарбиясини ташкил этишдаги камчиликлар, вояга етмаганларнинг бўш вақтларидан оқилона фойдаланмаслик каби муаммолар сабаб бўлади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, вояга етмаганлар орасида гиёҳвандликнинг юзага келиши, руҳий ва жисмоний боғланиб қолиш ҳамда толерантлик каби учта асосий белгининг ривожланиши билан тавсифланади. 
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, наркотикларни истеъмол қилиш охир-оқибат инсонни маънавий, ахлоқий ва жисмоний жиҳатдан тубанликка олиб келади. Буни ҳеч ким, ҳеч қачон унутмаслиги керак.
Фозилжон АҲАТОВ.