Охирги янгиликлар

Кўчадаги бозорчилар Жамият

Миришкор боғбону деҳқонларимиз томорқасида етиштирилган, рўзғори эҳтиёжидан ортган мева-сабзавотни бозорга чиқариб сотиб, оила кам-кўстини бутлаш, тўй-томоша қилиб, эл олдига дастурхон ёзиш ташвишида. Маҳсулотини бозорга чиқариб сотишга имкони йўқ ёки олибсотарларга сув текин бериб юборишни истамаганлар эса уйлари яқинидан ўтган кўча-кўйда, ката автомобиль йўллари бўйида савдо қиляпти.
Бир сўз билан айтганда, бу юртимизда фаровонлик ва маъмурчиликдан нишона, албатта. Ана шундай обод юрт аҳлига юксак турмуш ва хизмат маданияти ярашади. Аммо… 
Аммо деҳқон бозорларини айлансангиз, кўча-кўйдан ўтсангиз, озиқ-овқат ва мева-сабзавот маҳсулотлари билан савдо қилаётган шахсларда хизмат маданиятининг пастлиги кишини ранжитади. Ошқозон-ичак касалликлари кўпаядиган мавсумда бозорларга кириб боришингиз билан шундоққина йўлакларда тупроқ ерга маҳсулотини ёйиб сотаётган кимсаларга кўзингиз тушади. На санитария назоратидан ўтган, на махсус халат кийган, на тошу тарозининг тайини бор. Одамлар оёғидан кўтарилаётган чанг, автомобиллардан чиқаётган заҳарли газ-тутун маҳсулотларга ўтириб қоляпти. Ичкарида раста етишмаётгандан мажбур бўлишибди-да, деб ўйласангиз, хато қиласиз. Ичкарида ҳашаматли айвон остида қулай ва шинам расталар мавжуд. Аммо уларнинг кўпи бўш. Бозорлар маъмурияти, санитария назорати мутасаддилари эса бу ҳолатга эътиборсиз қарашяпти. Ушбу хунук манзара ҳамма деҳқон бозорларига хос бўлгани учун аниқ биттасини мисол қилиб келтиришни лозим топмадик.
Мақсадимиз турмушимиз фаровон кечяпти экан, бозорларда савдо хизмати кўрсатиш ҳам кўнгилдагидек бўлсин, деймиз-да. Бозорлар – маъмурчилик кўзгуси. Бозорга тушган кишилар, меҳмонлар, хориждан келган сайёҳлар, йўловчилар – бари-бари у ердаги тартиб-интизом, саранжом-саришталик, кўрсатилаётган хизмат талабларига зид бундай савдо хизматини автомобиль магистрал йўллари бўйида ҳам кўриш мумкин.
Деҳқончилик, тадбиркорликка қўл ураётган миришкорларимиз энди хизмат маданиятига ҳам эътибор қаратсалар, мақсадга мувофиқ бўларди.
Тоғаймурод ШОМУРОДОВ.


Исм:*
E-Mail:
Изох:
Кодни киритинг: *
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив