Охирги янгиликлар

Аризалар, шикоятлар, таклифлар ҳеч бири эътиборсиз қолмайди Жамият / Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили

Ўтган давр мобайнида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Самарқанд вилоятида фаолият кўрсатаётган халқ қабулхоналарига жисмоний ва юридик шахслардан жами 15 минг 455 та мурожаат тушган. 

Ёзма равишда қабул қилинган 8416 та мурожаат тегишлилиги бўйича мутасадди ташкилотларга юборилган бўлса, 7039 та оғзаки мурожаат эгаларига халқ қабулхонаси ва халқ қабулхонасига жалб қилинган мутасадди ташкилотлар ходимлари томонидан тегишли тартибда тушунтиришлар берилган. 
Жами мурожаатлардан 2828 таси қаноатлантирилган бўлса, 9692 та мурожаат бўйича тушунтириш берилган, 2853 та мурожаат ўрганилмоқда (2017 йил 1 июль ҳолатига кўра). 82 та мурожаат асоссиз деб топилиб, рад этилган. 
Вилоятда фаолият кўрсатаётган халқ қабулхоналарига келиб тушган мурожаатлар мазмунига кўра, уларнинг асосий қисмини уй-жой масаласи (1992 та), иш билан таъминлаш (1160 та), моддий ёрдам (1152 та), газ, электр энергияси ва сув таъминоти (1135 та), ички ишлар идоралари фаолияти (1086 та), пенсия ва нафақалар (906 та), алимент масаласи (802 та), коммунал тўловлар билан боғлиқ (758 та) мурожаатлар ташкил этмоқда. 

– Фуқароларнинг жойида ечимини топиши мумкин бўлган мурожаатлари қабул давомида ҳал этиб келинмоқда, – дейди вилоят Халқ қабулхонаси мудири Шуҳрат Узоқов. – Халқ қабулхоналарига бўлаётган мурожаатлар ўрганилиш жараёнида жойларда аҳолини кўпроқ қандай муаммолар қийнаётгани, қайси соҳада аҳоли билан ишлашда камчиликлар борлиги кўзга ташланади. Худди шу жиҳатларни ўрганиш, одамларнинг дардини тинглаш ва муаммоларига тезда ечим топиш мақсадида жойларда сайёр қабуллар ҳам ўтказилмоқда. Шу кунларда махсус транспорт ажратилиб, Халқ қабулхонаси мутахассислари, мутасадди ташкилотлар вакиллари ва вилоят ҳокими иштирокида вилоятнинг чекка қишлоқларида сайёр қабул ўтказишни режалаштирганмиз. 

Вилоят Халқ қабулхонасида қайд этилаётган мурожаатлар статистикасига эътибор қаратадиган бўлсак, ўтган давр мобайнида қабулхонага вилоятнинг барча шаҳар ва туманлари аҳолисидан жами 3127 та мурожаат тушган. Шундан 2294 таси ёзма, 833 таси оғзаки шаклда қабул қилинган. 
– Ёзма мурожаатлар қабул қилиб олинган куннинг ўзидаёқ тегишлилиги бўйича мутасадди ташкилотларга юборилади, оғзаки мурожаатларга тегишли тартибда тушунтириш берилади, – дейди вилоят Халқ қабулхонаси етакчи мутахассиси Шоира Султонова. – Жами мурожаатлардан 150 таси қаноатлантирилган, 1622 таси бўйича тушунтириш берилган бўлса, 1353 та мурожаат ўрганилмоқда. Ҳар бир мурожаатнинг кўриб чиқилиши устидан тизимли мониторинг ва назорат амалга оширилади.

Уй-жой масаласи (382 та), ички ишлар идоралари фаолияти билан боғлиқ (357 та), прокуратура (301 та), суд масалалари (233 та), соғлиқни сақлаш (153 та), коммунал тўловлар юзасидан (147 та), иш билан таъминлаш масаласидаги (131 та) ариза ва шикоятлар вилоят Халқ қабулхонаси орқали ўрганилаётган мурожаатларнинг асосини ташкил этади. 
Паст Дарғом туманида яшовчи Н.Ҳасанова турмуш ўртоғини шифохонага ётқизишда амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб вилоят Халқ қабулхонасига мурожаат қилади. Аёлнинг мурожаати Халқ қабулхонаси ҳамда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилиб, ижобий ҳал қилинди.

Ургут тумани Мўминобод маҳалласида яшовчи бир гуруҳ фуқаролар Халқ қабулхонасига мурожаат қилиб, туманда фаолият кўрсатаётган "ўайрат Чироқтош" фермер хўжалиги раҳбарларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан шикоят қилишади. Ушбу мурожаат вилоят ҳокимлиги ва мутасадди ташкилотлар томонидан ўрганилиб, ҳудуддаги ер майдонини ноқонуний тарзда эгаллаб олган фермер хўжалиги тугатилди. Ер майдони тендер танловига қўйилди. 
"Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" юртимиз тараққиётининг янги даврини бошлаб берди. Халқ қабулхоналари халқнинг дардини эшитиш, одамлар билан очиқ мулоқотда бўлиш, оғирини енгил қилиш орқали аҳолининг давлат ва жамиятга ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. 
Зилола ОМОНОВА,
«Зарафшон» мухбири.